Инклюзив таълим – ижодий имкониятлар калити (+видео)
Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат хореография академиясида “Ўзбекистон маданияти ва санъати: инклюзив таълим ва интеграцион жараёнлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Таълим ва илм-фан вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Карлар жамияти ва Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда санъатшунос олимлар, рақс санъати намояндалари, соҳа мутахассислари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилар ва талабалар иштирок этди.
Мазкур конференциядан кўзланган асосий мақсад – маданият ва санъат соҳасида инклюзив таълимни ривожлантириш, ёшларга рақс санъатини ўргатишнинг самарали механизмларини шакллантириш, интеграцион жараёнларни такомиллаштириш, илғор педагогик тажриба ва инновацион ёндашувларни оммалаштиришдан иборат.
Йиғин доирасида ўзбек миллий рақс санъати тарихи, хореография таълимига инклюзив ёндашувларни татбиқ этиш, миллий рақс ва этнография, маданий қадриятлар уйғунлиги, глобаллашув шароитидаги маданий-гуманитар жараёнлар, фольклор рақсларининг ўзига хос ифода услублари, миллий ва замонавий рақс санъатшунослигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Эътиборлиси, форумга олимлар, соҳа мутахассислари ва тадқиқотчилар томонидан 300 дан ортиқ илмий мақола тақдим этилган бўлиб, уларнинг 138 таси саралаб олиниб, нашрга тавсия этилди.
Мазкур илмий-амалий конференция маданият ва санъат соҳасида инклюзив таълимни янада ривожлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этди
Ф.Яхшибоева,
О.Давронов (видео),
ЎзА