Миллий кинология марказининг 30 йиллиги нишонланди
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази хизмат итларини етиштириш, ўқитиш ва кинология соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган давлат муассасаси саналади.
Миллий кинология маркази 1996 йилда ташкил қилинган бўлиб, Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий маркази ҳисобланади. Бу йил марказ ташкил топганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан ташкил қилинган байрам тадбирида божхона қўмитаси раҳбарияти, соҳа фахрийлари, ҳамкор ташкилот вакиллари ҳамда марказ ходимлари иштирок этди.
Меҳмонлар дастлаб Миллий кинология марказидаги “Хотира мажмуаси” пойига гуллар қўйиб, марҳум кинологлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шундан сўнг меҳмонлар марказ фаолияти, у ерда яратилган замонавий шароитлар билан танишди. Хусусан, хизмат итларини кўпайтириш ва парваришлашга мўлжалланган туғуруқхона, уларни сақлаш масканлари, замонавий ветеринария хизмати ва диагностика хоналари, шунингдек, кинологлар ҳамда хизмат итларининг амалий тайёргарлигини оширишга хизмат қилувчи ўқув-машғулот майдонлари кўздан кечирилди.
Шунингдек, хизмат итларининг махсус тайёргарлиги, буйруқларни бажариш маҳорати ва турли вазиятларда тезкор ҳаракатланиш кўникмалари акс эттирилган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Таъкидлаш лозимки, марказда тайёрланган кинолог ва итлар гиёҳвандлик, синтетик ҳамда психотроп модда, портловчи моддаларни, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни, валюта, тамаки маҳсулотлари ва ўсимликларни қидиришда ёрдам беради. Шунингдек, улар миналарни қидиради, қутқарувчиларга ёрдам беради, қўриқлаш, қидирув ва терроризмга қарши операцияларда иштирок этади.

Сўнгги йилларда Миллий кинология маркази фаолиятида туб ўзгаришлар ва жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Миллий кинология марказида хорижий давлатларга хизмат итларини экспорт қилиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, марказ мутахассислари ва кинологлар чет давлатларда ўз малакасини ошириб боришмоқда.
Байрам тадбирида соҳадаги саъй-ҳаракатлар ва эришилаётган натижалар алоҳида эътироф этилди ҳамда кинология соҳаси фидойиларининг меҳнатлари муносиб тақдирланди.
М.Комилова,
ЎзА