Чустдаги истиқболли корхона
Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, саноат маҳсулотлари турини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳудудда фаолият бошлаган “Chust Ay-Nur Ip” масъулияти чекланган жамияти ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири бўлиб, акрил хомашёсидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур лойиҳа доирасида йилига 4 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватини яратиш кўзда тутилган.
Айни пайтда лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилган бўлиб, корхонада 80 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланган. Бу эса ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий аҳоли бандлигини ошириш ва саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Мазкур босқичнинг амалга оширилиши ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.
[gallery-32177]
Корхона фаолияти Чуст туманида саноат тармоқларини ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун барқарор даромад манбаларини шакллантиришга қаратилган лойиҳалардан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА