Боғча дастурхонидаги таомлар хавфсизлиги кафолатланганми?
Фарғона шаҳридаги 2-, 7- ва 47-сонли мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган айрим болалар иситма, қорин оғриғи, кўнгил айниши ва ич кетиши каби белгилар билан шифохонага мурожаат қилган.
Ҳозирда уларнинг касалланишига нима сабаб бўлганини аниқлаш мақсадида эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари олиб борилмоқда.
Жорий йил 26 октябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, 28 нафар бола юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, уларнинг умумий аҳволи барқарор бўлиб, оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Шифохонага мурожаат қилган яна 23 нафар боланинг аҳволи ҳам қониқарли деб баҳоланган. Уларга зарур тиббий тавсиялар берилгач, уй шароитида даволанишга рухсат этилган. Айни пайтда касалланишга олиб келган омиллар расман тасдиқланмаган. Шу боис ҳолат юзасидан текширувлар давом эттирилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизматига кўра, боғчалардаги овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлар текширилмоқда. Текширувларнинг дастлабки босқичида болалар истеъмол қилган нонушта, тушлик ва оралиқ овқатлар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар ўрганилмоқда. Шу мақсадда маҳсулотлар ва тайёр таомлардан бактериологик таҳлил ўтказиш учун намуналар олинган. Мутахассислар лаборатория натижалари касалланиш сабабларига ойдинлик киритишини билдирмоқда.
Қайд этилишича, бундай ҳолатларда асосий вазифа касаллик манбасини аниқлаш, инфекция тарқалишининг олдини олиш ва болалар овқатланишида озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига риоя этилганини баҳолашдан иборат.
Хўш, аслида боғчаларда озиқ-овқат хавфсизлиги ким томонидан назорат қилинади?
Фарғонадаги ҳолат мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлар хавфсизлиги устидан назорат қай даражада йўлга қўйилгани ҳақидаги саволларни яна кун тартибига олиб чиқди.
Хусусан, боғчаларга етказиб берилаётган маҳсулотларнинг сифати, уларнинг сақланиши ва тайёр таомларнинг хавфсизлиги ким томонидан назорат қилиниши муҳим масала ҳисобланади.
Мазкур масалалар юзасидан Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Сабина Саъдинова изоҳ берди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлар сифатини ўрганиш бўйича бракераж комиссияси фаолият юритади. Комиссия ошхонага қабул қилинаётган маҳсулотлар ҳамда тайёрланаётган таомларнинг сифати, ташқи кўриниши ва истеъмолга яроқлилигини текширади. Текширув натижалари махсус бракераж дафтарига қайд этилади. Комиссия таркибига тарбиячи, ошпаз, тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар вакиллари кириши мумкин.
Қўмита маълумотига кўра, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ходимлари томонидан бракераж комиссиялари фаолияти юзасидан тушунтириш ва ўқув ишлари олиб борилган. Мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат хавфсизлиги устидан назорат амалдаги тартиб асосида доимий равишда бажарилади. Шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида назорат чоралари мунтазам ташкил этиб келинаётгани қайд этилган.
Бироқ, Фарғонадаги ҳолат бўйича якуний хулоса лаборатория ва эпидемиологик текширувлар натижалари асосида берилади. Текширувлар якунлангач, болаларнинг касалланишига олиб келган омиллар аниқланади ва масъул ташкилотлар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА