Маҳалла биносида тикувчилик цехи
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Сўхда Офтобрў маҳалласида аҳоли билан учрашганида тадбиркорлардан бири тикувчилик цехи ташкил этмоқчи экани ва бунинг учун унга ер майдони ажратиб беришни сўради.
Ҳоким мақбул ечим таклиф этди:
– Ер белгиланган тартибда ажратилади. Бинонинг биринчи қаватида эса МФЙ жойлашади.
Орадан кўп ўтмай ҳоким яна Сўх туманида бўлди. Шунда тадбиркор Беҳзоджон Мадалиев уни яна “Офтобу” МФЙ га таклиф этди. Бу гал янги бино қуриб битказилган, унда маҳалла идораси ҳам, иккинчи қаватдан эса тикувчилик цехи ҳам жой олганди. Шундай қилиб Сўх туманидаги «Офтобрў» маҳалла фуқаролар йиғинининг давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Президентимиз ташаббуси билан Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Хусусан, туманнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу жараёнда ташаббускор тадбиркорларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этаётгани билдирилди.
Тадбиркор Бекзоджон Мадалиев томонидан давлат-хусусий шерикчилиги асосида бунёд этилган мазкур бино ҳам ана шундай амалий ташаббуслардан бири эди.
Маросимда сўзга чиққан нуронийлар туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли учун яратилаётган шароитлар юзасидан ўз фикрларини билдириб, сўхликлар номидан Президентга миннатдорчилик изҳор этдилар.
Шундан сўнг рамзий тасма қирқилиб, янги бино эшиклари очилди. Барча қулайликка эга МФЙ хоналарининг калитлари топширилди. Бинонинг иккинчи қаватида тикувчилик цехи ташкил этилиб, маҳаллада истиқомат қилувчи ўндан зиёд хотин-қиз доимий иш билан таъминланган эди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА