Илм, технология ва меҳнат уйғунлиги
Пахтачиликда янги давр: сув тежовчи технологиялар, замонавий техника, илм-фан ва фермер тажрибаси уйғунлиги Бухорода юқори ҳосилдорликни таъминламоқда.
Бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида кечаётган ўзгаришлар пахтачилик тармоғида ҳам ўзининг аниқ ва амалий натижаларини намоён этмоқда. Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар натижасида соҳада йиллар давомида шаклланган ёндашувлар тубдан ўзгариб, фермер меҳнати, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ҳамда замонавий техника ва технологияларни кенг қўллашга устувор аҳамият берилмоқда. Бу жараённинг амалий самарасини Бухоро вилояти мисолида яққол кўриш мумкин.
Жорий мавсумда вилоят пахтакорлари тарихий натижага эришди. Экин майдонлари сақланган ҳолда 442 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди. Вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик 52,6 центнерни ташкил этмоқда. Қиёслаш учун, 2025 йилда бу кўрсаткич 373 минг тоннадан зиёд эди. Демак, бир хил майдондан кўпроқ ҳосил олиш — бу шунчаки рақам эмас. Бу ердан фойдаланиш самарадорлиги ошгани, агротехник тадбирлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ва фермер даласига илм-фан, инновация ҳамда замонавий технологиялар кириб келаётганининг амалий ифодасидир.
Бухорода бугунги натижалар тасодифан юзага келгани йўқ. Жорий йилда 3 071 та фермер хўжалиги томонидан 85 минг гектар майдонга чигит экилди. Экишдан олдин ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити чуқур ўрганилиб, унга мос ғўза навларини танлашга алоҳида эътибор қаратилди. Соҳанинг етакчи олимлари, мутахассислари, тажрибали фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилди. Илмий тавсиялар тўғридан-тўғри фермер далаларига олиб кирилди.
Хорижий тажрибаларни ўзлаштириш ҳам муҳим омилга айланди. Хусусан, Хитой ва бошқа давлатларнинг интенсив пахтачилик усуллари маҳаллий шароитга мослаштирилган ҳолда амалиётга татбиқ этилмоқда.
Бугунги натижалар шуни кўрсатмоқдаки, замонавий қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш учун фақат меҳнатнинг ўзи етарли эмас. Меҳнат илм билан, илм технология билан, технология эса тўғри ташкил этилган бошқарув билан уйғунлашгандагина юқори самара беради.
Бухоро шароитида пахта етиштиришнинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари бор. Сув танқислиги, юқори ҳарорат, шўрланиш хавфи, ер ости сувларининг яқинлиги ва айрим ҳудудларда қумлоқ-чўл тупроқларининг кенг тарқалгани деҳқондан катта маҳорат талаб қилади. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида ресурсларни тежаш, айниқса, сувдан оқилона фойдаланишга қаратилган ёндашувлар Бухоро учун алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ғўзани қўш қатор усулида экиш, плёнка остида парваришлаш ва томчилатиб суғориш каби технологияларни уйғунлаштириш орқали тупроқда намликни узоқроқ сақлаш, сув сарфини камайтириш ва ўсимлик учун қулай муҳит яратиш имконияти пайдо бўлмоқда. 2025 йилда 21,5 минг гектар майдонда тажриба-синов тариқасида қўлланган хорижий технологиялар жорий мавсумда 29,8 минг гектар майдонга кенгайтирилди. Айрим майдонларда гектаридан 70–80 центнергача ҳосил олиш имконияти яратилгани эса ушбу технологияларнинг маҳаллий шароитдаги салоҳиятини кўрсатмоқда.
Бухоро пахтачилигидаги янги ёндашувларни Қоракўл тумани мисолида янада яққол кўриш мумкин. Шўрланишга мойил ерларда илгари пахта ҳосилдорлиги гектарига 30–35 центнердан ошмаган бўлса, бугун замонавий агротехнологиялар ва илғор уруғчилик тажрибаси туфайли ўртача ҳосилдорлик 70 центнердан ошмоқда. Бу рақамнинг ўзиёқ соҳадаги ўзгаришлар кўламини англатади.

Гап фақат ҳосилнинг кўпайишида эмас. Асосий масала — ҳар бир гектар ердан юқори иқтисодий самара олиш, сув ва бошқа ресурсларни тежаш, фермер даромадини ошириш ва қишлоқ хўжалигини барқарор тармоққа айлантиришдир.
Пахтачиликдаги янгиланишларни замонавий техникасиз тасаввур этиб бўлмайди. Жорий терим мавсумида вилоят далаларида 140 тадан ортиқ юқори унумли пахта териш комбайнларидан фойдаланилди. Улар ёрдамида пахта майдонларининг қарийб 80 фоизидаги ҳосил териб олинди. Бу, бир томондан, терим муддатларини қисқартирса, иккинчи томондан, меҳнат унумдорлигини оширади ва даладаги йўқотишларни камайтиради. Бир неча ўн йиллик меҳнат тажрибасига эга соҳа фахрийлари бугунги ўзгаришларни ўтмиш билан қиёслар экан, энг катта янгиликлардан бири инсон меҳнатининг енгиллашаётганида эканини таъкидламоқда.
Вобкент туманидаги кўп йиллик меҳнат фахрийларидан бири таъкидлаганидек, илгари пахта режасини бажариш учун кечаю кундуз меҳнат қилишга тўғри келган. Бугун эса замонавий техникалар далада инсон меҳнатини енгиллаштириб, терим жараёнини механизациялаштириш имконини бермоқда. Бу — қишлоқ хўжалигида инсон қадрига эътиборнинг амалий кўринишларидан биридир.
Бухоро пахтачилигида ўз мактабига эга ҳудудлардан бири — Вобкент. Мазкур туманнинг Фермерлар кенгаши раиси Азизбек Мираковнинг таъкидлашича, бугунги натижалар замирида давлат томонидан соҳа ривожига қаратилаётган эътибор, фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш, яратилаётган имкониятлар билан бир қаторда деҳқонларнинг кўп йиллик тажрибаси ва фидокорона меҳнати мужассам.
2001 йилда ташкил этилган фермер хўжалигида ҳам бугунги ўзгаришлар яққол сезилмоқда. Илгари гектаридан 30–40 центнер атрофида ҳосил олинган бўлса, янги навлар ва замонавий агротехнологияларни қўллаш орқали ҳосилдорликни 70–80 центнерга етказиш мақсад қилинган.
Фермерларнинг фикрича, кластер мутахассислари билан ҳамкорлик, янги навларни танлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва мутахассислар тавсияларига амал қилиш юқори натижаларнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда. Энг муҳими, бугун фермер фақат ҳосил етиштирувчи эмас, балки замонавий технологияни ўзлаштираётган, бозорни ўрганаётган ва хўжалигининг келажагини режалаштираётган тадбиркорга айланмоқда.
Вобкент туманининг “Нуроний” жамғармаси раиси Бахтиёр Бобоқуловнинг хотиралари эса пахтачиликдаги ўзгаришларнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини янада теранроқ очиб беради. Унинг таъкидлашича, илгари фермер етиштирган ҳосилдан олган даромад баъзан ўғит ва бошқа харажатларни қоплашга ҳам етмай қолар, деҳқонлар сомон ва ғўзапоя сотиб кун кечиришга мажбур бўлар эди. У ўқитувчилик ва агрономлик фаолияти даврини эслар экан, пахта терими туфайли таълим жараёни тўхтаб қолган йилларни ҳам хотирлайди. Бугун эса вазият бутунлай бошқача.

Пахта терими механизациялашмоқда. Болалар далага чиқмасдан таълим оляпти. Қишлоқ аҳолиси учун янги имкониятлар яратилмоқда. Фермер меҳнатига иқтисодий баҳо бериш, унинг манфаатини ҳимоя қилиш ва қишлоқ хўжалигини даромадли соҳага айлантиришга эътибор кучаймоқда. Бу ўзгаришларнинг моҳияти шундаки, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар фақат гектар ва тонна билан ўлчанмайди. Унинг ортида инсон тақдири, фермернинг даромади, қишлоқ аҳолисининг турмуши ва фарзандларнинг келажаги турибди.
Бухоро пахтакорлари эришилган натижа билан чекланиб қолмоқчи эмас. Вилоят далаларида ҳали йиғиб олиниши лозим бўлган ҳосил кўп. Пахтакорлар белгиланган режадан ташқари яна 50 минг тонна пахта хомашёсини қўшимча йиғиб олиш учун имкониятларни сафарбар этмоқда. Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор: етиштирилган пахтани йиғиб олишнинг ўзи етарли эмас. Уни сифатини сақлаган ҳолда қайта ишлаш корхоналарига ўз вақтида етказиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги қиймат яратиш занжирини тўлиқ ишга тушириш муҳим.
Яъни бугунги пахтачиликнинг мақсади фақат “кўпроқ пахта етиштириш” эмас. Асосий мақсад — камроқ ресурс сарфлаб, юқори сифатли маҳсулот олиш ва уни қайта ишлаш орқали янада катта иқтисодий қиймат яратиш.
Жорий мавсумда ғаллачилик ва пахтачиликда қайд этилган натижалар ҳам шу ҳақиқатни тасдиқламоқда. Илмий ишланмалар, инновацион технологиялар ва замонавий агротехник усулларни фермер далаларига олиб кириш натижасида ҳудудда гектаридан ўртача 87 центнер ғалла ҳосили олингани, келгуси йилда бу кўрсаткични 100 центнерга етказиш мақсади қўйилгани соҳа ривожида илмий ёндашувнинг аҳамиятини кўрсатади. Пахтачиликда ҳам ҳосилдорлик 60 центнердан ошган хўжаликлар сони кўпаймоқда. Бу натижаларнинг замирида сифатли уруғлик, тупроқ-иқлим шароитига мос навлар, ўз вақтида ўтказилган агротехник тадбирлар, сув тежовчи технологиялар, замонавий техника ва энг муҳими — фермернинг билим ва тажрибаси мужассам.

Бухоро пахтачилигидаги бугунги натижалар бир мавсумлик ютуқ сифатидагина баҳоланмаслиги керак. Чунки бу натижалар ортида янги тизим шаклланмоқда. Унда фермер — асосий ҳаракатлантирувчи куч. Олим — билим манбаи. Кластер — ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш занжирининг муҳим бўғини. Замонавий техника — меҳнат унумдорлигини оширувчи восита. Сув тежовчи технологиялар — ресурсларни асраш кафолати. Давлат эса бу жараёнларни қўллаб-қувватловчи ва улар учун зарур шароитларни яратувчи асосий куч сифатида намоён бўлмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган аграр ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати ҳам шунда: қишлоқ хўжалигида эскича ёндашувлар ўрнига самарадорлик, инновация, тежамкорлик ва фермер манфаатига асосланган янги тизим қарор топмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири