Божхонада тадбиркорлар учун 3 та катта енгиллик: энди импорт ва экспорт анча осонлашди
Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга кенг имконият ва имтиёзлар бериш, бу борада божхона тартибларини соддалаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 август куни қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган тартиб-қоидалар алоҳида аҳамиятга эга.
— Мазкур фармон ҳамда “Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030” стратегияси доирасида божхона тизимини рақамлаштириш, инсон омилисиз расмийлаштириш кўламини кенгайтириш ва хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳамедов. — Хусусан, 2030 йилга қадар рақамли технологияларни ривожлантириш орқали инсон омилисиз божхона расмийлаштируви кўламини 60 фоизга, божхона тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 4,4 фоизга етказиш назарда тутилган. Шунингдек, божхона расмийлаштируви вақтини икки баробарга қисқартириш, божхона хизматлари сифатини яхшилаш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш асосий мақсадлар қилиб белгиланган.

Шунингдек, фармонда тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида инвойс асосида импортда олдиндан тўлов қилиш имконияти яратилди.
Амалдаги тартибга кўра, инвойс асосида товар ёки ускуна импорт қилишда аввал товар республикага олиб кирилиши, сўнг тўлов ўтказилиши мумкин эди. Масалан, инвойс асосида 20 минг долларлик товар импорт қилиш учун аввал товар келиши керак эди, кейин банклар пул чиқарар эди. Хорижий етказиб берувчилар эса одатда тўловсиз товар юборишни хоҳлашмасди.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб эндиликда шартнома тузишга вақт сарфламасдан, ягона инвойс ҳужжати асосида товар импорт қилингунига қадар ҳам хорижий ҳамкорга бемалол олдиндан тўловни амалга ошириш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, яна бир қулайлик — инвойс асосида экспорт қилишда 50 фоиз тушум талаби бекор қилинди. Яъни, амалда инвойс асосида экспорт қилиш учун аввал камида 50 фоиз олдиндан валюта тушумини таъминлаш талаб этилар эди. Масалан, 200 миллион сўмлик товар учун 100 миллион сўм олдиндан тўланиши шарт эди. Кўп ҳолатларда хорижий ҳамкорлар товарни кўрмасдан пул тўлашни хоҳламайди. Бу эса кичик бизнес субъектларининг хорижий бозорларга чиқишини чеклаб қўяр эди. Эндиликда эса 50 фоизлик олдиндан тўлов талаби бекор қилинди. Тадбиркорларимиз маҳсулотларини инвойс асосида хорижга бўлиб тўлаш (қарзга сотиш) шарти билан ҳам экспорт қилишлари мумкин. Бу эса электрон тижорат ва кичик экспорт ҳажмини кескин оширади.
Яна бир янгилик — миллий валютада қарзга экспорт қилишга рухсат берилди. Аввал товарларни миллий валютада экспорт қилиш учун албатта, олдиндан тўлов ёки банк кафолати, аккредитив ёхуд суғурта полиси каби кафолатли шаклларни тақдим этиш талаб этилар эди. Энди эса миллий валютада экспорт қилишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки тўловнинг кафолатли шаклларини тақдим этиш талаблари тўлиқ бекор қилинди, — дейди Н.Мусамуҳамедов.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда божхона соҳасида очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлиликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар доирасида тадбиркорларга кенг қулайликлар яратилмоқда. Юқорида қайд этилган амалий чоралар ҳам ташқи иқтисодий фаолиятда тезкорлик, қулайлик ва самарадорликни оширади, оворагарчиликларни камайтиради.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА