Куз-қиш мавсумида таъминот бардавом бўладими?
Яқинлашиб келаётган иситиш мавсумида таъминот барқарорлигини таъминлаш мақсадида куз-қиш мавсумида Наманган вилоятининг 68 та маҳалласидаги 46 минг 574 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланади.
Мамлакатимизда, хусусан Наманган вилоятида ҳам куз-қиш иситиш мавсумига тайёргалик ишлари қизғин давом эттирилмоқда. Яқинлашиб келаётган жорий мавсумда аҳолига кўрсатиладиган бир қатор коммунал хизматлар қаторида истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газни барқарор етказиб бериш масаласи айтиш мумкинки, муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамаджонов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Аслида куз-қиш иситиш мавсумига катта кўламдаги тайёргарликни баҳордан бошлаганмиз, – дейди Иброҳимжон Мамажонов. – Бугунги кунда вилоят бўйлаб жами 238 976 та табиий газ истеъмолчиси мавжуд. Аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш, мавжуд тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсуми давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида балансдаги фойдаланишда бўлган жами 5207,5 километр газ тармоғининг 199,2 километри юқори ва 4456,6 километри ўрта ҳамда 551,7 километри эса паст босимлидир. Шундан 798,6 километр қисми ер остида ва 4408,9 километри ер устида жойлашган. Буларга туташ жами 584 та, шундан 239 та юқори ва 345 та ўрта босимли газ тартиблаш пункти қаторида қудуқлар 250 та, ер усти газ тамбалагичлар 5 минг 690 тани ташкил қилади.

Айнан куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш мақсадида 27,8 километр газ тармоғини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, амалда режа 23,2 километр, яъни 83,5 фоизга бажарилди. Мавжуд газ тартиблаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилиб, 54 та янги, замонавий ГТП ўрнатилди. 267,5 километр газ тармоғи босим остида зичликка синалди. 962,8 километри “Мобил лаборатория” усулида текширилди. Истеъмолчиларга ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналарини тоза ва сифатли табиий газ билан таъминлашни йўлга қўйиш мақсадида вилоятда 434 та газ фильтри ўрнатилди.
Ўтган йиллар иситиш даври тажрибасидан келиб чиқиб, айтиш жоизки, юзага келиши эҳтимоли бор барча камчиликларни тезкор бартараф этиш учун билим ва малакали мутахассислардан таркиб топган бригадалар шакллантирилиб, тўла шай ҳолатга келтирилди. Бунинг учун барча зарур техникалар, керакли жиҳозлар захираси етарли даражага келтирилди.

Дарвоқе, филиалимиз истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш борасида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолади. Бу эса аҳолининг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва уларнинг ечимини таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, меморандумда соҳани рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини кенг тарғиб қилиш ҳамда аҳолига соҳадаги янгиликлар ҳақида мунтазам ахборот бериб бориш вазифалари ҳам белгиланди. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳамкорлик аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқади.
Аҳоли мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашда филиалнинг “104” рақамли диспетчерлик ва 1104 – “Call”-маркази ҳам муҳим ўрин тутади.

Ҳал бўлаётган ва ҳал бўлиши кутилаётган муаммолар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида Янгиқўрғон, Чортоқ, Косонсой, Мингбулоқ, Учқўрғон, Уйчи, Давлатобод, Чуст ва Тўрақорғон туманларида ўрганишлар ўтказилиб, Янги Наманган туманида семинар ташкил этилди. Раҳбар ва ўринбосарлар томонидан жойларда 17 бор сайёр қабул уюштирилди.
Таҳлилларга кўра, йил бошидан буён жами келиб тушган 1960 та мурожаатнинг 1895 таси ижобий ҳал этилди. 27 тасига ҳуқуқий маслаҳат берилди ва 38 тасининг ижроси масъул ходимлар томонидан назоратга олиб, тезкор ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Табиий газ етиб бормаган ҳудудларга аҳолига бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойи ҳолатига 476 минг 988 хонадон ва 337 ижтимоий соҳа объектига бир меъёрда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Шу йил январь-август ойларида вилоят аҳолиси 55726,4 тонна суюлтирилган газ билан таъминланди. Етказиб бериш самарадорлигини ошириш мақсадида “Face ID” рақамлаштириш тизими тўлиқ йўлга қўйилди. Электрон онлайн назорат ўрнатилишги натижасида инсон омили, яъни эҳтимолий коррупцион ҳолатларга барҳам берилди. Қолаверса, маҳсулот етказиб бериш даврийлиги 40-45 кунга тўғри келишига эришилди. 89 автотранспорт воситасига махсус овозли видеокузатув камераси ўрнатилиб, тегишли бўлимларга интеграция қилинди.

Суюлтирилган газ таъминотида хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш ва хизматлар самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда вилоятда «Муборак Газ Инвест» масъулияти чекланган жамияти, «Афсона Энерги» хусусий корхонаси ва «Янги Аср» масъулияти чекланган жамияти томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига суюлтирилган газ етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, ҳар бир истеъмолчи табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда белгиланган техник талаб ва шартларга ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиши лозим. Албатта, бу неъматлардан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг виждон амри ва садоқатли бурчига айланиши керак.
ЎзА мухбири Оқилхон Дадабоев суҳбатлашди