Истанбулдан Бухоро, Андижон ва Термизга тўғридан-тўғри рейслар очилади
Мамлакатимизда Туркияга сафар қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. “Uzbekistan Airports” ва Туркиянинг “Pegasus Airlines” авиакомпанияси ўртасида Истанбулдан Бухоро, Андижон ва Термизга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Қарши ва Нукус йўналишларини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, Андижондан Истанбулга илк бор мунтазам авиақатнов йўлга қўйилиши режалаштирилган. Келишувлар амалга ошса, Қарши ва Нукус ҳам Истанбул билан тўғридан-тўғри авиақатновга эга бўлиши мумкин.
“Pegasus Airlines” авиакомпанияси Истанбулнинг Сабиха Гўкчен халқаро аэропортидан парвозларни амалга оширади. Келишилган учта йўналиш бўйича қатновларни 2026 йил декабридан бошлаб босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган. Бухорога илк рейс жорий йил 14 декабрга белгиланган. Парвозлар ҳафтасига уч марта — Истанбулдан душанба, чоршанба ва шанба кунлари, Бухородан эса сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Андижонга қатновлар 18 декабрдан бошланиши режалаштирилмоқда. Ушбу йўналишда ҳафтасига икки марта парвоз қилиш белгиланган: Истанбулдан душанба ва жума кунлари, Андижондан эса сешанба ва шанба кунлари.
Термизга мунтазам рейслар эса 2027 йил 1 мартдан бошлаб ҳафтасига уч марта амалга оширилиши режалаштирилган. Истанбулдан парвозлар душанба, пайшанба ва шанба кунларига, қайтиш рейслари эса сешанба, жума ва якшанба кунларига белгиланган. Барча йўналишларда Airbus A320 ва A321 оиласига мансуб самолётлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, фақат Истанбулга эмас, бошқа давлатларга ҳам йўл очилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА