Сув хўжалиги объектлари янги мавсумга тайёрми?
2027 йилги суғориш мавсумига тайёргарлик доирасида сув хўжалиги инфратузилмасини таъмирлаш, каналларни тозалаш ва сув етказиб бериш тармоқларини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи Шуҳрат Суюнов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланганидек, кузги-қишки мавсумда 5 минг километр магистрал ва хўжаликлараро канални тозалаш, 5 минг 300 та гидротехник иншоот ҳамда 5 минг 720 та гидропостни таъмирлаш белгиланган. Ҳозирга қадар қарийб 2 минг километр канал тозаланиб, 2 минг 530 та гидротехник иншоот ва 2 минг 650 та гидропостда таъмирлаш ишлари бажарилди.
Ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари тасарруфидаги 3 минг 900 километр тармоқни бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, мавсум бошидан буён 1 минг 450 километрда ишлар амалга оширилди.
Насос станциялари ва суғориш қудуқларини мавсумга тайёрлаш мақсадида вазирлик тасарруфидаги 1 минг 715 та насос агрегати, 886 та суғориш қудуғи ва 900 та ички хўжалик насос агрегатини таъмирлаш ҳамда тиклаш кўзда тутилган. Айни пайтга қадар 200 та насос агрегати, 110 та суғориш қудуғи ва 140 та ички хўжалик насос агрегатида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шуҳрат Суюновнинг сўзларига кўра, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 7 минг 485 километр коллектор тармоғини тозалаш режалаштирилган. Ҳозиргача 4 минг 600 километрдаги ишлар якунланган.
–Вазирликнинг ишчи гуруҳлари ҳудудларда амалга оширилаётган тадбирларнинг сифати, белгиланган муддатларга риоя қилиниши ва ажратилган ресурслардан самарали фойдаланилишини назорат қиляпти.
Сув таъминоти самарадорлиги ички суғориш ариқларининг ҳолатига ҳам боғлиқ. Ариқларни лойқа ва чиқиндилардан тозалаш, зарур жойларини таъмирлаш ва имкониятдан келиб чиқиб, мутахассислар тавсияси асосида бетонлаштириш сув йўқотишларини камайтиришга ёрдам беради. Шу муносабат билан фермер ва деҳқон хўжаликлари, маҳалла фаоллари ҳамда аҳоли вакиллари мавсумий тадбирларда фаол иштирок этишга чақирилди. Маҳаллаларда ҳашарлар ташкил этиш ҳам ушбу ишларни самарали амалга ошириш имконини беради, – деди у.
Брифинг якунида кузги-қишки тадбирларнинг белгиланган муддатларда ва сифатли бажарилиши 2027 йилги вегетация мавсумида сувни истеъмолчиларга барқарор етказиб бериш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА