Истеъдодлар Зулфия мукофоти учун беллашди
Истеъдодли қизларни кашф этиш, уларнинг билим ва қобилиятини рўёбга чиқариш, илмий-ижодий изланишларини қўллаб-қувватлашда «Зулфия» номидаги Давлат мукофотининг алоҳида ўрни бор.
Зеро, бу мукофот ортида нафақат эришилган ютуқлар, балки изланиш, меҳнат, қатъият ва юксак мақсадлар мужассам. Мазкур нуфузли мукофот учун ўтказиладиган анъанавий саралаш танловининг Сирдарё вилоятидаги туман ва шаҳар босқичларида кўплаб иқтидорли қизлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этди. Уларнинг 85 нафари саралашдан муваффақиятли ўтиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ташкил этилган вилоят босқичи нафақат иқтидорларни саралаш, балки ёш қизларнинг изланишлари, ташаббуслари ва эришган натижаларини эътироф этишга ҳам қаратилди. Танлов аввалида турли йўналишлардаги ютуқлари билан ажралиб турган иштирокчилар вилоят ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касбий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириши учун яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталди.
Қайд этилганидек, «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти қизларнинг илм-фан, адабиёт, санъат ва бошқа соҳалардаги ютуқларини муносиб рағбатлантириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Буни ўтган йилги танлов натижалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўшанда Сирдарё вилоятидан икки нафар қиз – Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг собиқ ўқувчиси, бугунги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Зулҳаё Мингбоева ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Сирдарё вилояти бўлими созандаси Олимахон Маҳмудова юксак мукофотга сазовор бўлган эди.
– Бу йилги танловда иштирок этаётган қизларимизнинг ҳар бири ўз йўналиши бўйича муайян ютуқларга эришган, изланувчан ва ташаббускор ёшлардир. Энг муҳими, улар ўз олдига аниқ мақсад қўйган ва унга эришиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда. Ишонаманки, бугунги танлов улар учун янги имкониятлар ва катта муваффақиятлар сари муҳим қадам бўлади, – деди Наргиза Тожибоева.
Шундан сўнг танловнинг асосий босқичига навбат берилди. Иштирокчилар белгиланган низом талаблари асосида ўзлари танлаган йўналишлар бўйича билим ва иқтидорларини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати номзодларнинг таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, тиббиёт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолиятида эришган натижалари, ижодий ишлари, амалга оширган лойиҳалари ҳамда ташаббусларини баҳолади.
[gallery-32684]
Танлов жараёнида ҳар бир иштирокчининг нафақат эришган ютуқлари, балки ўз соҳасига бўлган қизиқиши, изланишлари ва келгусидаги мақсадлари ҳам эътибор марказида бўлди.
– Танловда иштирок этаётган қизларимизнинг барчаси ўз иқтидори ва интилиши билан ажралиб туради. Уларнинг орасида илм-фанга қизиқадиган, адабиёт ва санъат соҳасида ўз ўрнига эга бўлишга интилаётган, жамоатчилик ишларида фаол ёшлар бор. Бундай беллашувлар қизларнинг ўз имкониятларини намоён этиши, тажриба алмашиши ва янада юксак натижаларга эришишга интилиши учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.
Адабиёт йўналишида бу йил ҳам истеъдодли қизларнинг кўплиги бизни қувонтирди. Жумладан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети журналистика факультети талабаси Дилноза Жабборова, боёвутлик Одина Абдимўминова, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчиси Чарос Исломова, шунингдек, Гулистон туманидан Феруза Раҳматоваларнинг шеърлари ва ижодий ютуқлари алоҳида эътиборга лойиқ, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси, шоира Норинисо Қосимова.
Эътиборлиси, вилоят босқичида юқори натижаларни қайд этиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган Зулфияхоним издошларининг номлари янги йил байрами арафасида эълон қилиниши кутилмоқда. Тўққизта йўналиш бўйича саралаб олинадиган муносиб номзодлар республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА