Конституцияни билиш — ҳуқуқий маданият ва фуқаролик масъулияти мезони
Бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳида камол топишини таъминлаш мамлакат тараққиётининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Зеро, ўз ҳуқуқ ва бурчларини чуқур англаган, қонун устуворлигини ҳаётий тамойилга айлантирган авлод жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ қарамайди, юрт келажаги учун масъулиятни ҳис этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик позициясини юксалтиришга қаратилаётган эътибор ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу борадаги ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида Бухорода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейида ўтказилган беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан саралаб олинган ёшлар иштирок этишиб, ўзларининг ҳуқуқий билимлари, мустақил фикрлаш қобилияти ва нотиқлик маҳоратини намойиш этди.
Танлов шартлари иштирокчилардан нафақат Конституция ва қонунчиликка оид билимларни, балки уларни ҳаётий мисоллар асосида таҳлил қилиш, ўз қарашларини далиллар билан ифодалаш ва ижодий ёндашувни ҳам талаб этди.
Жумладан, “Конституция — менинг тақдиримда” деб номланган таништирув шартида ёшлар ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасаси, ҳуқуқий билимлари ҳамда Бош қомусимизнинг ҳаётидаги ўрни ҳақида ижодий чиқишлар қилди. Савол-жавоб босқичида эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонун ҳужжатлари, “Адолат” СДП Устави ва Сайловолди дастури бўйича билимларини синовдан ўтказди.

Айниқса, “Конституция менинг тасаввуримда” мавзусидаги эркин чиқишларда иштирокчиларнинг мустақил мушоҳадаси ва шахсий ёндашуви яққол намоён бўлди. Улар Бош қомусимизнинг муайян моддаларини таҳлил қилиб, уларнинг мазмун-моҳияти, инсон ҳаётидаги аҳамияти ва жамият тараққиётидаги ўрни юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Бу жараёнда бир ҳақиқат янада ойдинлашди: Конституцияни билиш фақат ҳуқуқий меъёрларни ёд олиш эмас, балки уларнинг ҳаётдаги ифодасини англаш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқаларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш демакдир.
Танлов якунига кўра, ҳакамлар ҳайъати баҳолаш натижалари асосида ғолибларни аниқлади. Биринчи ўринни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро академик лицейининг 11-синф ўқувчиси Зиннура Ҳомидова эгаллади. Иккинчи ўрин Ғиждувон туманидаги 13-мактаб ўқувчиси Гуласал Раҳматовага, учинчи ўрин эса Когон туманидаги 10-мактаб ўқувчиси Шаҳноза Одиловага насиб этди. Ғолиблар партия томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири