Зиёлилар – Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянчи
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг илк йиғилиши иккинчи куни ҳам самимий мулоқотлар, жамият ҳаётини янада фаровонлаштиришга қаратилган амалий таклиф ва тавсиялар, илғор ташаббусларга бой бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган мулоқотда олимлар, тарихчилар, адиблар, шоирлар, санъат ва маданият намояндалари, журналистлар, таълим соҳаси вакиллари ҳамда турли касб эгалари еттита шўъбага бўлинган ҳолда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Ялпи йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқаруви раиси Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова, Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти билан бир қаторда халқимизнинг маънавий юксалишида зиёлилар улкан ва етакчи куч сифатида майдонга чиқиши бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлади.
– Мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришда, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда зиёлилар, олимлар ва ижодкорларнинг билими, тажрибаси ҳамда фаол фуқаролик позицияси муҳим аҳамиятга эга, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқаруви раиси Ғофуржон Мирзаев. – Йиғилиш давомида она тилимиз ва маънавият, мустақил меҳнат ва ташаббус, маҳаллалар билан ишлаш, ёшлар тарбияси ва илм-маърифат, ижтимоий муаммолар ечимида зиёлиларнинг позицияси ва вазифаларига оид масалалар атрофлича муҳокама этилди. Шу ўринда, Президентимизнинг набираси Шавкатбекка парвоз давомида битилган мактубида билдирилган фикрлар бугун юртимиз зиёлиларининг қалбини ҳаяжонга соладиган, уйғоқ ва ёниқ фикрларга бой экани билан аҳамиятли. Зиёлилар бугун ўз фаолиятини йўлга қўйишда ушбу мактубда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб иш тутишлари айни муддаодир.
Йиғилиш давомида шўъбаларда муҳокама этилган масалалар, илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳам атрофлича сарҳисоб қилинди.
[gallery-32687]
Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ялпи мажлисида шўъбаларнинг муҳокама якунлари бўйича ҳисоботлари тингланди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида Кенгаш резолюциясини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, ялпи мажлис давомида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг мамлакат зиёлиларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Мурожаатда мамлакат тараққиёти, халқ маънавиятини юксалтириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлодни илм-фан ва маърифат сари йўналтиришда зиёлиларнинг ўрни ва масъулияти алоҳида таъкидланди.
Зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, миллий маънавият ва маърифатни юксалтириш йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Мазкур йиғилиш юртимиз зиёлиларининг жамиятдаги ўрни ва масъулиятини янада ошириш, уларнинг илмий, маънавий ва ижодий салоҳиятини мамлакат тараққиёти йўлида сафарбар этиш борасида муҳим мулоқот майдони бўлди.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА