Ишлаб чиқариш ускуналари янгиланмоқда
Ишлаб чиқаришда ускуналарни замон талаблари асосида янгилаш нафақат меҳнат унумдорлигини оширади, балки ортиқча харажатларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда Шимолий кон бошқармаси 3-ГМЗ Сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехининг КИМЭХ бўлимида навбатдаги техник ечим амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мазкур бўлимда 6 дона кўмирни фаоллаштириш печи мавжуд. 2021 йилда фойдаланишга топширилган 2 та печнинг девори 230 миллиметр қалинликдаги “ШЛ-0,4” маркали оловбардош ғиштдан терилган. Бироқ иш жараёнида девор қалинлигининг етарли эмаслиги ўз таъсирини кўрсата бошлади. Хусусан, печда иссиқликни сақлаш қобилияти пасайиб, қиздириш юкламаси ортиб кетди. Бунинг оқибатида электр энергияси ортиқча сарфланиб, қиздириш элементлари ҳамда оловбардош ғиштлар муддатидан олдин яроқсиз ҳолга келиб қолди. Бу эса ускунанинг режадан ташқари тўхтаб қолиши ва таъмирлаш ишлари кўпайишига олиб келди.

– Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида мутахассисларимиз томонидан қиздириш печи конструкциясини модернизация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилди, – дейди завод бош технологи Зуҳриддин Сирожов. – Янги лойиҳага кўра, печь деворининг қалинлиги 420 миллиметргача оширилиб, ғиштлар оралиғига махсус иссиқлик сақловчи пахта (вата) ётқизилди. Шунингдек, печь икки ён томонга 100 миллиметрдан кенгайтирилиб, қиздириш элементлари барабанга 60 миллиметр яқинлаштирилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур конструктив ўзгаришлар иссиқлик исрофига чек қўйиб, электр энергиясини сезиларли даражада тежайди ҳамда эҳтиёт қисмларнинг хизмат муддатини узайтиради. Энг муҳими, печга юкланадиган кўмир ҳажми ортиб, реактивация жараёни тезлашади. Бу эса ускунанинг умумий иш унумдорлигини янги босқичга олиб чиқади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири