Бобур Исломов Канада элчиси ва инвесторлар билан учрашди
Мамлакатимиз тоғ-кон саноати ва геология соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада Канада компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов Канаданинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Дагган ҳамда “Condor Energies” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда вазирлик масъуллари ва "ЎзТМК" АЖ раҳбарияти ҳам иштирок этди.
Учрашувда Канада томонининг Ўзбекистон билан, айниқса, тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши юқори экани таъкидланди. Кристофер Дагган Канаданинг кўплаб компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш истагини билдирганини қайд этди.
Шунингдек, “Condor Energies” компанияси вакиллари компания фаолияти, Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Геология фанлари университети ва "ЎзТМК" АЖ билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқаларига тўхталиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикасининг "Ер қаъри тўғрисида"ги қонунининг янги таҳрири мазмун-моҳияти, "E-auksion" платформаси орқали тадбиркорлар ва инвесторларга таклиф этилаётган истиқболли майдонлар, шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув Ўзбекистон ва Канада ўртасида тоғ-кон саноати ҳамда геология соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА