Энг яхши сармоя таълимга йўналтирилган инвестициядир
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистонда барқарор таълим кредити механизмларини шакллантириш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати ташкил этилди.
Олий ва профессионал таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, амалдаги таълим кредитлари механизмининг самарадорлиги ва молиявий барқарорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилаётган мулоқотда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги, таълим ва илм-фан вазирлиги, рақамли технологиялар вазирлиги масъуллари, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар вакиллари, хорижий университетлар ва таълимни молиялаштириш соҳасидаги экспертлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, Жаҳон банкининг таълим ва кўникмалар йўналиши раҳбари Тоби Линден Ўзбекистон таълим тизимида қўлланилаётган кредит механизмлари ва уларнинг молиявий барқарорлиги, Жаҳон банки билан ҳамкорлик амалга ошириладиган “EduImkon” дастури ҳақида сўз юритдилар.

– Ўзбекистонда кейинги йилларда таълим соҳасини ривожлантириш, олий таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва инсон капиталига инвестицияларни ошириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди, – деди Отабек Фозилкаримов. – Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси бу борадаги ишларнинг муҳим дастурига айланди. Концепцияда мамлакатимизда олий таълимга қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, таълим сифатини юксалтириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилган. Бугунги натижалар ушбу йўналишда изчил ишлар олиб борилаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, айни пайтда мамлакатимиздаги 205 та олий таълим муассасасида 1 миллион 830 минг нафар талаба таҳсил олмоқда ва ўтган йилга нисбатан талабалар сони 160 минг нафарга кўпайди. Қамров даражаси 45 фоизга етди. Ўтган йил 700 мингдан ортиқ талабанинг таҳсил олиши учун уларга банклар томонидан кредитлар ажратилган. Жумладан, давлат томонидан берилган имтиёзлар туфайли 543 минг нафар хотин-қиз талабалар имтиёзли кредитлардан фойдаланган. Жорий ўқув йилида ҳам ҳозиргача 62 мингдан ортиқ талабага 1 триллион 75 миллиард сўм таълим кредити ажратилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун алоҳида қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилмоқда ва жорий йилда бунинг учун давлат бюджетидан 2 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Юқоридаги кўрсаткичлар давлатимиз томонидан ёшларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Edulmakon лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб, бу орқали мамлакатимиз олий ва профессионал таълим муассасалари талабаларини молиялаштириш тизими модернизация қилинишини таъкидлади. Жаҳон банки лойиҳа учун 250 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратган. Шунингдек, дастур доирасида қўшимча 30 миллион доллар хусусий капитал жалб қилиш кўзда тутилган. Дастур 2026-2028 йиллар давомида Республика иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 12 та тижорат банки иштирокида амалга оширилади. Лойиҳа орқали мамлакат бўйлаб 600 минг нафар олий таълим муассасалари, техникум ва касб-ҳунар мактаблари талабаларининг таълим кредитларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади. Лойиҳа Ўзбекистон тарихида илк бор Жаҳон банкининг “Натижаларга асосланган дастур» (Program-for-Results — PforR) воситаси орқали молиялаштирилмоқда, яъни маблағлар аниқ белгиланган натижаларга эришилишига қараб ажратилади.

– Биз мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги, таълим, рақамли технологиялар вазирликлари билан фаол ҳамкорликда ишлаяпмиз, – дейди Жаҳон банкининг таълим ва кўникмалар йўналиши раҳбари Тоби Линден. – Ушбу жараёнда шунга амин бўлдикки, Ўзбекистонда ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар ўрганишига жуда катта эътибор қаратилмоқда, молиявий ресурслар сафарбар этилган. Ва бу жуда тўғри йўл. Чунки энг яхши инвестиция таълимга, ёшларга киритилган инвестиция ҳисобланади. Бу келажакда нафақат ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, балки давлат тараққиётига, иқтисодий имкониятлари ошишига хизмат қилади. Мен мазкур тадбирда қатнашиш учун Самарқандга келганимда Мирзо Улуғбек расадхонасини бориб кўрдим. У ерда уч жиҳат менинг эътиборимни тортди, яъни Самарқандда ўтмишда ҳам турли ўлкалардан етук олимлар келиб, илмий-тадқиқот билан шуғулланган. Иккинчиси – Самарқанд марказ сифатида илм-фан янгиликларига бешик бўлган, ўз даврининг ихтиролари яратилган. Ва учинчи жиҳат бу заминда тажриба тўпланган, салоҳият бор. Мен ишонаман, ўша салоҳият ҳозирги авлодда ҳам бор ва уни юзага чиқариш керак. Бизнинг лойиҳамиз шу мақсадга қаратилган.
Давра суҳбати доирасида Ўзбекистондаги амалдаги таълим кредитлари тизимининг қамрови, кредит шартлари, имтиёзлар, ариза бериш ва маблағ ажратиш жараёнлари, шунингдек, банклар ҳамда талабаларнинг бу борадаги тажрибаси кўриб чиқилди. Муҳокамаларда тизимни такомиллаштиришнинг молиявий ва институционал жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро экспертлар томонидан Австралия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда қўлланилаётган таълимни молиялаштириш моделлари тақдим этилди. Жумладан, Австралиянинг HECS тажрибаси ҳамда даромадга боғлиқ таълим кредитлари — Income-Contingent Loans (ICL) механизмининг имкониятлари муҳокама марказида бўлди.
ICL моделини Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятларини баҳолаш жараёнида кредитни қайтариш чегараси ва ставкалари, фоиз ёки индексация механизмлари, битирувчиларнинг ишга жойлашиши ва даромадлари, норасмий бандлик, субсидиялар ҳамда давлат бюджетига тушадиган эҳтимолий юклама каби омиллар таҳлил қилинди. Шунингдек, бундай моделни жорий этиш учун зарур маълумотлар базаси ва ҳуқуқий-институционал шартлар юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-32623]
Таълим кредитлари тизимининг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш ҳам давра суҳбати кун тартибидан ўрин олган. Хусусан, ариза қабул қилиш, маблағ ажратиш ва кредитларни қайтариш жараёнларини рақамлаштириш, даромад тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш, солиқ ва бандлик тизимлари билан маълумот алмашинуви, шунингдек, тўловларни ҳисоблаш ва ундириш жараёнида идоралар ваколатларини аниқ белгилаш масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамаларнинг муҳим йўналишларидан бири таълим кредитлари тизимида ижтимоий инклюзия ва мақсадли қўллаб-қувватлаш тамойилларини таъминлашдир. Бунда турли ижтимоий гуруҳлар учун таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, давлат ресурсларининг манзилли ва самарали йўналтирилишига эътибор қаратилди.
Икки кунлик давра суҳбати якунида муҳокамалар натижаларини умумлаштириш, Ўзбекистон шароитига мос ислоҳот вариантларини таққослаш, устувор йўналишлар ва кейинги амалий қадамларни белгилаш назарда тутилган. Шунингдек, таълим кредитлари механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар, зарур маълумотлар ва институционал вазифаларни қамраб олувчи «йўл харитаси» асослари ишлаб чиқилади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари