Хотираларда давом этаётган умр
Давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камаловнинг портретига тикилар экансиз, беихтиёр бир савол туғилади: инсондан умр ўтиб кетгач, нима қолади?
Жавобни унинг ҳаёт йўлидан излаш мумкин.
Қаллибек Камалов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилди. Ўрта мактаб ва ҳарбий хизматдан сўнг 1955 йилда Нукус давлат университетини тамомлади. Меҳнат фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби лавозимидан бошлади. Кейин Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалиги вазири, йўл транспорти ва автомобиль йўллари вазири, партия қўмитаси котиби каби масъул вазифаларда ишлади.
Лавозимлар кўп. Аммо инсоннинг қиёфаси лавозимлар сони билан эмас, улар зиммасига юкланган масъулиятда намоён бўлади.


1959-1963 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, 1963-1984 йилларда эса Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитасининг биринчи котиби, Республика етакчиси сифатида фаолият юритган Қаллибек Камаловнинг раҳбарлик йиллари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Мураккаб иқлим шароитида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ишлар унинг бевосита раҳбарлиги даврида амалга оширилди.
Бироқ Қаллибек Камаловни фақат раҳбарлик минбарида тасаввур қилиш ҳам тўғри эмас. Унинг ҳаётидаги яна бир саҳифа – дипломатия. 1984-1986 йилларда у дипломатик соҳада фаолият юритди. Кейинги йилларда эса нуронийлар сафида қолиб, Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларида иштирок этди.

Шу боис унинг ҳаёт йўлини бир чизиққа сиғдириб бўлмайди. Раҳбарликдан дипломатияга, дипломатиядан жамоатчилик хизматига туташган бу йўлнинг бир ўзгармас нуқтаси бор эди: халққа хизмат қилиш.
Давлат ҳам бу хизматни муносиб баҳолади. Қаллибек Камалов “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. 2026 йил 11 февраль куни у 100 ёшида вафот этди.
Аммо айрим инсонларнинг умри вафоти билан тугамайди. Уларнинг иккинчи умри – хотиралардаги ҳаёти бошланади.


Шу маънода, 2026 йил 16 мартда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори оддий юбилей санасини белгилаб қўйишдан кўра кенгроқ маъно касб этади. Унда Қаллибек Камалов хотирасини абадийлаштириш, “Уч авлод учрашуви”, илмий-амалий конференция, ҳужжатли фильм, китоб-альбом, хотира тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.
Қарор ижросининг маънавий моҳияти эса биргина ҳудуд билан чегараланмайди.
Жиззах политехника институтида бўлиб ўтган маънавий-маърифий учрашув бунинг ҳаётий ифодаси бўлди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими раҳбари Иқболой Умарова ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Қаллибек Камаловнинг ҳаёт йўли ёшлар нигоҳида қайта кашф этилди.

Бу ерда гап фақат ўтган асрда яшаган давлат арбоби ҳақида эмасди. Гап бугунги талаба қалбига “Халққа хизмат қилиш дегани нима?” деган саволни қўя билиш ҳақида эди.
Жиззах политехника институтининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Санобар Эшбекова иштирокчилар эътиборини ана шу жиҳатга қаратди: тарихий шахс ҳаётини саналар ва лавозимлар кетма-кетлиги сифатида эмас, масъулият ва Ватан олдидаги бурч мактаби сифатида англаш ёшлар учун муҳим.
Учрашувда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Жиззах вилоят бўлими раиси Норқул Нушаров бошчилигидаги вакилларнинг иштирок этгани эса тадбирга яна бир маъно қўшди. Нуронийлар ва ёшларнинг бир даврада жам бўлиши – кеча билан эртанинг, ҳаётий тажриба билан янги орзуларнинг учрашуви эди.

Ана шунда Қаллибек Камаловнинг бир асрлик ҳаётининг яна бир муҳим қирраси кўринади: инсон ўзидан кейин нафақат хотира, балки давом этувчи маънавий таъсир ҳам қолдиради.
Бир даврада нуронийлар, устозлар ва ёшлар инсон умрининг мазмуни ҳақида суҳбатлашдилар.

Қаллибек Камалов 100 йил яшади. Аммо унинг умрини юз йил билан ўлчаш камлик қилади. Чунки умрнинг ҳақиқий ўлчови тақвимдаги йиллар эмас, эл-юрт хотирасида қолган изнинг узунлигидир.
Бугун унинг портретига яна бир бор назар ташлар экансиз, кўкракдаги мукофотлардан кўра нигоҳдаги сукут кўпроқ нарса айтаётгандек туюлади. У сукутда бир аср бор. Бир аср ортида эса халқ хизматига бағишланган тақдир.
Қаллибек Камалов ҳақидаги суҳбатлар ўтмиш хотирасигина эмас, бугунги ва эртанги авлодлар учун сабоқдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири