Попда 500 мегаваттлик қуёш электр станцияси тўлиқ қувватда иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш борасида яна бир йирик лойиҳа амалга оширилди.
Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси томонидан қиймати 350 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилиб, қуёш фотоэлектр станциясининг қуввати 500 мегаваттга етказилди. Шу тариқа, замонавий технологиялар асосида барпо этилган мазкур энергетика объекти тўлиқ қувватда иш бошлади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш ва энергетика соҳасида замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-31461]
Қуёш электр станциясининг ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда нуронийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда лойиҳанинг аҳамияти, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари ва ҳудуд энергетика салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Поп туманида мазкур йирик энергетика лойиҳасининг ишга туширилиши Наманган вилоятида “яшил” энергетика улушини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА