Ранглар жилосидаги ижод олами
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекциясининг Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон халқ рассоми Александр Перовнинг шахсий кўргазмаси очилди.
“Бизнинг мерос” туркуми доирасида ташкил этилган кўргазмада мамлакатимиз тасвирий санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган рассомнинг серқирра ижодий мероси, турли жанрларда яратилган асарлари намойиш этилмоқда.
Александр Перов рангтасвир соҳасида самарали ижод қилган, жанрли композиция, манзара ва натюрморт йўналишларида ўзига хос услубини шакллантирган ижодкор сифатида танилган. Унинг асарларида табиат ва инсон ҳаётини кузатиш, борлиқнинг нозик жиҳатларини илғаш ҳамда уларни ранглар воситасида бадиий образга айлантириш маҳорати намоён бўлади.
[gallery-31463]
Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида туғилган А.Перов 1950-1955 йилларда Тошкентдаги Республика рассомлик билим юртида таҳсил олиб, С.Ракова ва Н.Қўзибоев каби устозлардан рангтасвир сирларини ўрганган. Кейинчалик ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсилни давом эттирган.
Рассомнинг ижодий фаолияти асосан Тошкент шаҳри билан боғлиқ. Пойтахтнинг ўзига хос муҳити, табиати ва инсонлар ҳаёти унинг ижоди учун муҳим илҳом манбаи бўлган. Ижод билан бир қаторда педагогик фаолият олиб борган рассом санъат таълими ва ёш ижодкорлар камолотига ҳам ҳисса қўшган.
Ижодкор асарларида оддий ва таниш воқеликни бадиий жиҳатдан таъсирчан ифодалашга интилади. Жанрли композицияларида инсон ва унинг атрофидаги муҳит, манзараларида табиатнинг турфа ҳолатлари, натюрмортларида эса предметларнинг шакли, ранги ва ўзаро уйғунлиги акс этган.
Александр Перовнинг асарлари Ўзбекистон ва Россия музейлари тўпламлари, шунингдек, хориждаги хусусий коллекциялардан ўрин олган.
Мазкур шахсий кўргазма рассомнинг ижодий меросини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, унинг тасвирий санъатдаги ўзига хос услуби ва бадиий изланишлари билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.
Кўргазма ёш рассомлар, санъатшунослар, талабалар ва тасвирий санъат ихлосмандлари учун ижодкор асарларини бевосита томоша қилиш ва унинг бадиий мероси ҳақида тасаввурини бойитишга хизмат қилади.
Камола ЮСУПОВА, Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА