Хайр Самарқанд, Абу Дабида кўришгунча!
Самарқандда шу йилнинг 10-17 сентябрь кунлари ўтказилган ФИДЕ 3-шахмат паралимпиадасининг ёпилиш маросими ўтказилди.
Халқаро шахмат федерация тарихида илк бор Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда ва бир жойда ташкил этилган паралимпиадада 36 давлатдан 41 та жамоа, 164 нафар етакчи шахматчи қатнашди. Жамоалар сони ва қамрови бўйича парашахмат олимпиадаси рекорди қайд этилди. Чунки шу пайтгача “Белград – 2023” да 26, “Остона – 2024”да эса 34 жамоа иштирок этганди.
Маросимда “Самарқанд – 2026” мусобақалари юксак савияда ўтгани, жамоаларнинг салоҳияти ўсгани қайд этилди. Жамоалар етти турда ўз имкониятларини намоён этди, ғолиблик учун курашди.
Тадбирда дастлаб паралимпияда иштирокчилари бир қатор номинациялар бўйича рағбатлантирилди. Сўнгра, дастлаб 5 шахмат тахтаси бўйича, кейин умумжамоа ҳисобида ғолиблар номи эълон қилинди.
Мусобақа якунига кўра, Польша жамоаси биринчи ўринни, Куба давлати вакиллари иккинчи ўринни эгаллади.
Учинчи ўрин 11 очко жамғарган мамлакатимиз парашахматчиларига насиб этди. Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шаюсупов, Сирожиддин Зайниддинов, Сардорбек Мамаражабов ва Селби Какишовадан иборат Ўзбекистон-1 терма жамоамиз аъзолари чинакам матонат ва ирода кўрсатиб, илк бор шахмат паралимпиясида бундай юқори натижага эришди. Мусобақа давомида улар 3 ғалаба, 4 дуранг қайд этди.
Маросимда ғолибларга олтин, кумуш ва бронза медаллари ФИДЕ раҳбарияти ва мамлакатимиз шахмат федерацияси масъуллари томонидан тантанали топширилди.
Халқаро шахмат федерацияси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд 3-шахмат паралимпиядаси шу пайтгача ўтказилган мусобақалар тарихида иштирокчилар сони бўйича энг кўп жамоа қатнашган турнир сифатида қайд этилгани, баҳслар қизғин курашларга бой бўлганини таъкидлади. ФИДЕ раҳбари 3-шахмат паралимпиядасини ёпиқ деб эълон қилиб, келгуси паралимпияда 2028 йилда Бирлашган Араб Амирликлари Абу Даби шаҳрида ўтказилишини эълон қилди.
Маросимда ўзбек миллий куй-қўшиқлари асосида концерт дастури намойиш этилди.
[gallery-31494]
Ғолиб Ҳасанов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА мухбирлари