Самарқандда бугун тарихий кун
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд бугун яна дунё эътибор марказида бўлади. Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, илм-фан ва маданият маркази саналган кентда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланади.
Ҳар икки йилда дунёнинг деярли барча минтақалари шахматчилари иштирокида ўтказиладиган бу галги олимпиадада 400 жамоа иштирок этиш истагини билдирган. Бу 2024 йилда Будапештда ўтказилган олимпиада рекорди янгиланади, дегани. Икки йил олдин Венгрияда ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 380 жамоа қатнашган эди. Бу гал Самарқандда 208 та эркаклар жамоаси ва 192 та хотин-қиз шахматчилар жамоалари ўз куч ва салоҳиятларини намоён этади.
Олимпиада дастурига мувофиқ, 16-27 сентябрь кунлари 11 та классик босқич мусобақалари ўтказилади.
Бугун куннинг иккинчи ярмида Самарқанд халқаро туризм марказида ФИДЕнинг вақтинчалик раҳбари Вишванатан Ананд ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилади. Кечки пайт эса “Боқий шаҳар” марказидаги амфитеатрда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими ўтказилади.
Кеча Ҳиндистонда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси машъаласини ҳамюртимиз, жаҳон кубоги ва Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровга топширган Вишванатан Ананд ҳам Самарқандга етиб келди. Уни Ўзбекистон шахмат федерацияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари кутиб олди.

Айни пайтда Самарқандга олимпиада иштирокчилари, ҳакамлар, мураббийлар, ФИДЕ раҳбарияти ва бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари етиб келиб, ўзлари учун ажратилган меҳмонхоналарда жойлашмоқда. Улар икки ҳафта давомида бу ерда жаҳон шахмати байрамига гувоҳ бўлишади.
Аслида, Самарқанддаги шахмат байрами бир неча кун олдин, аниқроғи 10 сентябрдан, имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги 3-ФИДE шахмат паралимпиясидан бошланган. Унда кўриш, эшитиш ва жисмоний имконияти чекланган спортчилардан иборат 41 жамоа иштирок этмоқда. Бу ҳам рекорд кўрсаткич бўлиб, иштирокчи жамоалар сони аввалги икки паралимпиядагидан ошган.

Шунингдек, тадбирлар доирасида Самарқандда ФИДE Конгресси ва сайловлари бўлиб ўтади. Унда халқаро шахмат ҳамжамияти спортнинг келажакдаги ривожланиш йўналишларини муҳокама қилади.
Муҳим тадбирлардан яна бири 24 сентябрга мўлжалланган, ФИДEнинг “2026 – Таълимда шахмат йили” доирасида педагоглар, сиёсатчилар ва тадқиқотчиларни бирлаштирадиган “Таълимда шахмат” саммити бўлиб ўтади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири