Ўзбекистон – 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони
Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди.
10 сентябрь куни ФИДЕ III шахмат паралимпиядаси билан бошланган ва Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, Халқаро шахмат федерацияси Конгресси билан давом этган Самарқанддаги шахмат тадбирлари якунланди.
Барча тадбирлар иштирокчилар ва жамоалар сони бўйича ФИДЕ тарихида энг юқори кўрсаткичларни қайд этиб, Самарқанд шахмат олимпиадаси нуфузи янаям баланд бўлди.
Шунингдек, Халқаро шахмат федерация тарихида илк бор шахмат паралимпиядаси Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда ва бир жойда ўтказилди ҳамда унда 36 давлатдан 41 жамоа, 164 нафар етакчи шахматчи қатнашди. Биз учун эътиборлиси, мамлакатимиз вакиллари чинакам матонат ва ирода кўрсатиб, илк бор шахмат паралимпиядаси бронза медалларини қўлга киритди.
Самарқанд мезбонлигидаги ФИДЕ конгресси Бош Ассамблеясида қозоғистонлик Тимур Турлов Халқаро шахмат федерацияси президенти этиб сайланди. ФИДЕнинг саккизинчи президенти сифатида фаолият бошлаётган Темур Турлов ташкилотнинг энг ёш – 38 ёшли раҳбари ҳисобланади.
15 сентябрда тантанали очилиш маросими ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 200 дан ортиқ давлатдан жами 394 та – эркаклар очиқ турнирида 205, аёллар мусобақасида 189 жамоа қатнашди ва ФИДE тарихидаги энг йирик шахмат олимпиадаси сифатида қайд этилди. Иштирокчи жамоалар 11 турда ўз куч ва салоҳиятларини намоён қилди.
[gallery-31639]
Олимпиада ёпилиш маросими ФИДЕнинг турли категориялари бўйича ғолибларни тақдирлаш билан бошланди. Жамоалар мусобақалардаги иштироки, рейтинг ўрни ва ўзига хос муваффақиятлари учун рағбатлантирилди.
Жумладан, мамлакатимиз аёллар иккинчи терма жамоаси аъзолари “В” категориясида бронза медалларига сазовор бўлди. Ўзбекистон – 1 эркаклар терма жамоамиз аъзоси Нодирбек Ёқуббоев 3-тахтада кумуш медаль билан, Жавоҳир Синдоров 2-тахтада бронза медали билан, Нодирбек Абдусатторов эса 1-тахтада олтин медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, олимпиаданинг “Энг яхши аёл шахматчи”, “Энг яхши эркак шахматчи” номинациялари ғолибларига ФИДЕнинг махсус мукофотлари топширилди. Ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров “Энг яхши эркак шахматчи” номинацияси ғолиби бўлди.
Сўнгра саҳнага Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг янги сайланган президенти Тимур Турлов таклиф этилди ва у 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси аёллар мусобақалари ғолибларига чемпионлик кубоги ва медалларини тантанали топширди.
Аёллар мусобақаларида учинчи ўрин ва бронза медали Ҳиндистон жамоасига, иккинчи ўрин ва кумуш медаллар Қозоғистон вакилларига, биринчи ўрин ва олтин медаль ҳамда “Вера Менчик” кубоги Хитой давлати шахматчиларига топширилди.
Чемпион жамоа шарафига Хитой Халқ Республикаси мадҳияси янгради.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси очиқ турнири (эркаклар) ғолибларини тақдирлаш учун саҳнага Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари А.Арипов таклиф этилди.
Олимпиада бронза медаллари Германия жамоасига, кумуш медаллар ҳиндистонлик шахматчиларга топширилди.
Ва ниҳоят, ФИДЕ 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олтин медаллари ва “Ҳамилтон –Рассел” кубоги Ўзбекистон жамоаси аъзоларига тақдим этилди.
Чемпион ўғлонларимиз шарафига Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Таъкидлаш лозимки, юртимиз мезбонлигидаги ўтказилган олимпиадада эркак ва аёл шахматчиларимиз учтадан жамоа билан иштирок этди. Маҳоратли ва истеъдодли шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов, Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси 20 очко жамғариб, 2026 йилги шахмат олимпиадаси чемпиони бўлди. Бу музаффар юриш билан вакилларимиз 2022 йилда Ченай олимпиадасида олтин, 2024 йилда Будапештда бронза медалларини қўлга киритганлари тасодиф бўлмагани ва Ўзбекистонда шахмат жадал ривожланаётгани, юртимиз спортчиларининг интеллектуал салоҳияти юқори эканлигини яна бир бор дунёга намоён этдилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллаб, уларнинг ҳар бири юксак истеъдод ва маҳорат эгаси эканини алоҳида эътироф этди.
Жумладан, табрикда “Сизлар – Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади.
Ушбу нуфузли мусобақаларда сизлар тенгсиз ақл ва тафаккур эгалари бўлган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк аждодларимизга муносиб ворислар эканингизни амалда намоён этдингиз” дейилади.
Давлатимиз раҳбари мусобақаларда иштирок этган бошқа жамоаларимиз матонати ва жасоратли парашахматчиларимиз эришган муваффақият – бронза медалларини юксак натижа сифатида қайд этиб, эл-юртимиз барча шахматчиларимиз тимсолида кучли билим ва ирода соҳибларини, катта-катта марраларни забт этишга қодир бўлган Янги Ўзбекистон ёшларини кўришини алоҳида таъкидлаган.
Шу тариқа Самарқанд мезбонлигида ўтган ФИДЕ 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси нафақат Ўзбекистон шахматчиларининг улкан зафари билан, балки Ўзбекистон шахмат федерацияси ФИДЕ томонидан 2026 йилда “Энг яхши федерация” номинациясида ғолиб деб топилгани, тажрибали мураббий, гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова ФИДЕнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайлангани билан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди.
[gallery-31637]
Маросимда мамлакатимиз санъат усталари ва ёш ижрочилари томонидан катта концерт дастури намойиш этилди.
Тадбир сўнгида ФИДЕ шахмат олимпиадаси байроғи 2028 йилда Абу Даби шаҳрида ўтказиладиган 47-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қиладиган Бирлашган Араб Амирликлари спорт мутасаддиларига тантанали топширилди.
ФИДЕ мадҳияси янгради ва Халқаро шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов 47-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини расман ёпиқ деб эълон қилиш олдидан Самарқанд шахмат тадбирлари юқори савияда ўтказилгани учун Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясига ФИДЕнинг “Шон-шараф” медалини топширди. ФИДЕнинг қарийб юз йиллик тарихида илк бор Марказий Осиёда, Ўзбекистонда ўтказилган мазкур нуфузли мусобақа бир қатор ўзига хос жиҳатлари билан муҳим аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
Ғолиб Ҳасанов, Алмурод Мамадаминов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари