Халқ билан ҳамнафас нашрлар
Мамлакатимиз матбуотида ўзига хос ўринга эга “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ташкил этилганига 35 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида мазкур нашрлар жамият ҳаётидаги муҳим воқеалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини кенг жамоатчиликка етказишда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбек ва рус тилларида чоп этиладиган ушбу газеталар саҳифаларида мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига оид янгиликлар, долзарб масалалар ҳамда турли соҳалардаги илғор тажрибалар мунтазам ёритилмоқда.
Газеталарнинг 35 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда депутатлар, маҳалла фаоллари, муштарийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, нашрларнинг босиб ўтган йўли, миллий матбуот ривожидаги ўрни ва бугунги фаолияти хусусида фикр алмашди.
[gallery-32083]
Тадбирда “Халқ сўзи” газетаси шарҳловчиси Абдунаби Алиқулов журналист фаолиятида холислик, ҳаққонийлик ва масъулиятнинг аҳамияти, матбуотнинг долзарб масалаларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш ҳамда уларнинг ечимига кўмаклашишдаги ўрни ҳақида сўз юритди.
Учрашув якунида таҳририят билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган, газеталар фаолиятини кенг тарғиб этишга ҳисса қўшаётган фаолларга кўкрак нишонлари топширилди.
Мазкур тадбир миллий матбуот анъаналарини давом эттириш, журналистлар ва муштарийлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА