Депутат нигоҳи: Президент ташрифи Паркентга янги нафас олиб кирди
Ҳар бир ҳудуднинг алоҳида тарихи, табиий имкониятлари, иқтисодий салоҳияти ва тараққиёт йўли бор. Бири бепоён даштлари билан кенглик рамзи бўлса, бошқаси қадимий миноралари билан мозийдан сўзлайди. Тошкент вилоятининг сўлим гўшаси — Паркент эса ана шундай такрорланмас ҳудудлардан бири.
Жорий йил 20 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Паркент туманига амалга оширган ташрифи ҳудудда кечаётган бунёдкорлик жараёнларининг кўлами, мазмуни ва истиқболини яна бир бор яққол намоён этди. Ташриф давомида Кумушкон ҳудудида қад ростлаётган йирик туризм лойиҳалари, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш, инвесторлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳамда туманнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хўш, қадимий Паркентнинг кечаги ўтмиши, бугунги салоҳияти ва давлатимиз раҳбари ташрифидан кейинги истиқболи қандай? Мавзуга Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Мухсиддин Низомиддинов қуйидагича муносабат билдирди:
–Бугун Паркентда мавжуд салоҳиятни иқтисодий имкониятга айлантириш, замонавий инфратузилма яратиш, инвестицияларни жалб этиш, туризм ва ишлаб чиқаришни янги босқичга олиб чиқиш борасида муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Президентимизнинг Паркент туманига ташрифи ана шу жараёнларнинг кўлами, мазмуни ва истиқболини яна бир бор намоён этди.
Мен ушбу ташрифни Паркент учун шунчаки эътибор ва эътироф сифатида эмас, балки янги тараққиёт босқичига ўтиш, мавжуд имкониятларни қайта баҳолаш ва олдимизга янада катта мақсадлар қўйиш учун муҳим сиёсий ва иқтисодий воқеа сифатида қабул қиламан.
Негаки, давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифи ортида, аввало, инсонлар ҳаётини яхшилаш, иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини шакллантириш мақсади мужассам. Шу боис ташриф давомида белгиланган вазифаларнинг ҳақиқий самараси уларнинг қанчалик тез ва сифатли амалга оширилиши, энг муҳими, одамлар ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бериши билан баҳоланиши керак.

Паркентнинг иқтисодий имкониятлари кенг. Қулай иқлим, тоғли ҳудудлар, қишлоқ хўжалиги, узумчилик ва боғдорчилик анъаналари туманнинг рақобат устунликларини белгилайди. Аммо ҳар қандай салоҳият ундан оқилона фойдаланилгандагина иқтисодий натижа беради. Бугунги кунда ҳудуд тараққиётида айнан шу ёндашув муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Кумушкон ҳудудида барпо этилган “Олтин бел” туризм мажмуаси Паркент имкониятларини замонавий иқтисодий лойиҳалар билан уйғунлаштиришнинг ёрқин намунасидир. Бир йил аввал белгиланган вазифанинг қисқа муддатда кенг кўламли лойиҳага айлантирилгани, 47 гектар майдонда қарийб 700 миллиард сўмлик инвестиция ҳисобидан замонавий туризм инфратузилмаси яратилгани эътиборга молик. Бу ерда меҳмонхоналар, дам олиш уйлари, ресторанлар, аквапарк, спорт ва кўнгилочар объектлар, амфитеатр ҳамда бошқа хизматлар ташкил этилган. Мажмуа тўлиқ фаолият юритгач, бир вақтнинг ўзида 6 минг нафаргача ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имкониятига эга бўлади. Бу рақамлар ортида оддий қурилиш жараёнидан кўра кенгроқ иқтисодий мазмун бор. Чунки йирик туризм мажмуаси ўз фаолияти билан бир нечта тармоқларни ҳаракатга келтиради.
Қурилиш материалларига талаб ортади, транспорт хизматлари ривожланади, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳажми кенгаяди, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги бозор шаклланади. Менимча, бундай лойиҳаларнинг энг муҳим жиҳати уларнинг иқтисодий таъсири фақат ўз ҳудуди билан чекланиб қолмаслигидир. Агар йирик мажмуа атрофидаги маҳаллалар, фермер хўжаликлари, оилавий тадбиркорлар ва кичик бизнес вакиллари ҳам ушбу жараёнга фаол жалб этилса, инвестициянинг самараси янада кенгаяди. Айниқса, “Олтин бел” мажмуасида қурилиш ва жиҳозлаш ишларида маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан харид қилингани, бунинг натижасида лойиҳа таннархини 20 фоизга камайтириш имконияти яратилгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар салоҳиятига билдирилган ишончнинг амалий натижасидир. Бу тажрибадан муҳим хулоса чиқариш мумкин: маҳаллий тадбиркорга имконият бериш, унинг маҳсулотига талаб яратиш ва ички ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш орқали катта иқтисодий лойиҳаларни самарали амалга ошириш мумкин. Мен буни ҳудудий иқтисодий ривожланишнинг муҳим тамойилларидан бири деб биламан. Чунки инвестиция фақат маблағ киритиш эмас.

У маҳаллий иқтисодиётда янги ишлаб чиқариш, ҳамкорлик, янги иш ўринлари ва узоқ муддатли даромад манбаларини шакллантириши билан қадрли. Туризм Паркент иқтисодиётининг янги драйверига айланмоқда. Паркентнинг табиий ва географик имкониятлари туризмни ривожлантириш учун катта замин яратади. Шу маънода, туризмни туманнинг иқтисодий тараққиётидаги устувор йўналишлардан бирига айлантириш стратегик аҳамиятга эга. Жорий йилнинг ўтган даврида Паркентга 198,2 минг нафар хорижий ва 1,4 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюргани, туризм хизматлари экспорти 81,1 миллион долларга етгани соҳада эришилаётган натижаларни кўрсатади. Албатта, бу кўрсаткичлар қувонарли. Лекин, эндиликда асосий эътибор фақат сайёҳлар сонини кўпайтиришга эмас, балки туризм хизматларининг иқтисодий самарадорлигини оширишга қаратилиши лозим.
Масалан, сайёҳ Паркентга келиб, фақат бирор манзарани томоша қилиб қайтиши билан чекланмаслиги керак. У ҳудудда бир неча кун қолиши, маҳаллий меҳмонхона ва дам олиш масканларидан фойдаланиши, миллий таомларни татиб кўриши, маҳаллий маҳсулотларни харид қилиши, тарихий ва маданий масканлар билан танишиши учун шароит яратилиши зарур. Ана шунда сайёҳлар оқими маҳаллий иқтисодиёт учун барқарор даромад манбаига айланади.
Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталмоқчиман. Туризмнинг ривожланиши маҳаллий аҳоли учун ҳам иқтисодий манфаат келтириши керак. Масалан, дам олиш масканлари маҳаллий фермерлардан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилса, оилавий тадбиркорлар миллий таомлар ва ҳунармандчилик маҳсулотларини таклиф этса, ёшлар гидлик ва транспорт хизматларини йўлга қўйса, туризмнинг фойдаси анча кенг қатламга етиб боради. Паркентнинг узумчилик ва боғдорчилик анъаналарини ҳам ушбу йўналиш билан уйғунлаштириш мумкин. Маҳаллий узум навлари, боғлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, миллий урф-одатлар ва ҳудуд маданиятини намойиш этувчи туристик йўналишлар ташкил этиш орқали ўзига хос иқтисодий моделни шакллантириш мумкин. Менимча, Паркент туризмининг асосий устунлиги фақат замонавий мажмуаларда эмас, балки унинг табиати, маҳаллий қадриятлари, миллий таомлари, деҳқончилик маданияти ва инсонларнинг меҳмондўстлигида. Замонавий инфратузилма ана шу табиий ва маданий бойликларни янада кенгроқ намойиш этишга хизмат қилиши керак.

Транспорт инфратузилмаси янги имкониятларга йўл очиб бермоқда. Жумладан, ҳудуднинг туристик ва иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда транспорт алоқалари алоҳида ўрин тутади. Қулай транспорт тизими сайёҳлар оқимини оширади, аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштиради ва тадбиркорлар учун янги бозорларни очади. Тошкент - Паркент йўналишида электрлаштирилган темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши туманнинг транспорт имкониятларини кенгайтириш борасидаги муҳим қадамлардан биридир. Бу, бир қарашда, оддий транспорт лойиҳасидек кўриниши мумкин.
Президент ташрифи давомида инвесторлар ва тадбиркорлар билан мулоқот ўтказилгани, қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалаларининг муҳокама қилингани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги шароитда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш учун фақат давлат томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ўзи етарли эмас. Хусусий сектор, маҳаллий тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва ташаббускор инсонлар бу жараённинг фаол иштирокчисига айланиши керак. Тадбиркорлик учун энг муҳим омиллардан бири ишонч.
Гулноза Бобоева,
ЎзА