Бугун кечқурун атмосферада инверсия ҳодисаси кузатилиши мумкин — Экология қўмитаси
Бугун 22 сентябрь соат 21:00 дан 23 сентябрь тонги соат 4:00 гача ер юзасидаги ҳаво совиб, юқорироқ қатламдаги ҳаво илиқроқ қолиши натижасида ҳарорат инверсияси шаклланиши кутилмоқда
Метеорологик прогнозга кўра, шамол тезлиги Тошкент шаҳрида айрим соатларда 0,5–1 м/с гача пасаяди, ҳавонинг вертикал аралашуви эса секинлашади.
Ёғингарчилик кутилмаётгани сабабли ҳаводаги заррачаларнинг узоқроқ муддат ҳавода қолиб кетиш эҳтимоллиги мавжуд. Бу омиллар ПМ2.5 ва PM10 заррачаларининг ерга яқин қатламда тўпланишига қулай шароит яратади.
Прогнозлар пойтахтнинг аксарият ҳудудларида сутканинг 22:00 ва 1:00 оралиғида ҳаво сифати АҚИ стандартига кўра "сезгир гуруҳлар учун носоғлом" даражагача ёмонлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Эрталаб ер юзаси исиб, инверсия заифлашиши ва вертикал аралашув кучайиши билан ҳаво сифати аста-секин яхшиланиши кутилмоқда. Шу сабабли кечки вақтларда очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик тавсия қилинади.
Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда, дейилади Экология қўмитаси хабарида.
ЎзА