Мослаштирилган иссиқхоналар орқали бандлик сари
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий интеграция ва бандлик йўлида муҳим қадам ташланди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ФАО ҳамкорлигидаги янги лойиҳа уларнинг ҳаётини қандай ўзгартиради?
Маълумки, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ижтимоий давлат қуриш ғояси самараси ўлароқ, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам янгидан-янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Хусусан, улар меҳнат бозорида ҳам муносиб ўрин топиб бормоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми ўлароқ, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида “Ногиронлиги бўлган шахсларни мослаштирилган иссиқхоналар орқали ижтимоий интеграция қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” лойиҳасининг расмий тақдимоти ва старт тадбири бўлиб ўтди.
Лойиҳа доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва мослаштирилган иссиқхоналар ташкил этилиб, уларнинг экин етиштириш жараёнида иштирок этиши ва меҳнат фаолиятига жалб қилинишини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Лойиҳа 24 ой давомида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Фарғона ва Самарқанддаги 6 та ихтисослаштирилган таълим муассасасида амалга оширилади.
Мазкур тадбирда лойиҳа ҳужжати имзоланиб, ҳамкор ташкилотларнинг вазифалари, дастлабки босқичдаги устувор йўналишлар ва келгусидаги амалий ишлар белгилаб олинди.
Таъкидланишича, бу лойиҳа – нафақат иссиқхона ташкил этиш, балки ногиронлиги бўлган шахслар учун янги кўникмалар, меҳнат ва ижтимоий фаоллик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий қадамдир.
Шербек Исломов, ЎзА