Тошкентда IT олами вакиллари жамланди (+видео)
Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда мамлакатнинг энг йирик технологик ҳафталиги — ICTWEEK Uzbekistan 2026 бошланди.
Central Asian Expo Uzbekistan мажмуасида ўтаётган ҳафталикнинг очилиши доирасида бугун қатор муҳим тадбирлар бўлиб ўтди.
Расмий очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, янги имкониятлар ва технологик тараққиёт ҳақида гапирди.
Шунингдек, ICT Expo 2026 кўргазмаси очилиб, унда маҳаллий ва хорижий компанияларнинг технологик ечимлари ва янги ишланмалари намойиш этилди.
Биринчи кун доирасида Startup & Venture Summit ҳам ўтказилди. Унда стартап асосчилари, инвесторлар, венчур фондлари ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, стартапларни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва халқаро бозорларга чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Яна бир муҳим тадбир — Uzbek–Japan Digital Community Forum бўлди. Унда Ўзбекистон ва Япония ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик, инвестиция лойиҳалари ва янги технологик имкониятлар муҳокама қилинди.
Айни пайтда технологик ҳафталик давом этмоқда. 25 сентябрга қадар ICTWEEK доирасида яна қатор халқаро саммитлар, форумлар, стартап мусобақалари ва технологик тадбирлар ўтказилади.
Н. Раҳмонова. Н. Абдувоитов (видео), С. Обиджонов (монтаж), А. Алижонов (сурат), ЎзА