Занжирсарой: вайрон бўлган сарой ёки тарихнинг сўзловчи гувоҳи?
Чўл бағрида жимгина ётган бир тепалик… Бир қарашда оддий тупроқ қавати. Аммо унинг остида бутун бир давр, бутун бир давлатнинг нафаси, ҳукмдорлар изи ва тарихнинг оғир зарбалари яширинган. Бу Қашқадарё вилояти Муборак тумани Кўҳна шаҳар ҳудудида жойлашган Занжирсарой.
Бугун у сукутда. Аммо бу сукут жавобсизлик эмас, балки ҳали тўлиқ айтилмаган тарихдир.
– Ҳозир биз турган жойимиз, соҳибқирон Амир Темур фаолияти билан боғлиқ. Бу Ўрта Осиёдаги ниҳоятда ноёб археологик ёдгорликлардан бири, – дейди Самарқанд археология институти катта илмий ходими, тарихчи олим, профессор Абдусабур Раимқулов.
Занжирсарой – шунчаки сарой эмас. У XIV аср сиёсий курашлари, ҳокимият учун олиб борилган кескин ўйинлар ва улкан империялар тақдири туташган нуқтадир.

Чиғатой улусининг сўнгги нафаси
Тарих саҳнасида Занжирсарой номи XIV асрнинг илк ярмида пайдо бўлади. Уни Чиғатой улусининг сўнгги ҳукмдорларидан бири Қозонхон султон 1334-1335 йилларда бунёд этган.
– Бу сарой дастлаб Чиғатой улусининг пойтахти сифатида қурилган ва охирги хонларнинг асосий қароргоҳларидан бири бўлган, – дейди олим.
Бу ер шунчаки қароргоҳ эмас, балки сиёсий марказ, ҳукм ва қарорлар қабул қилинган маскан эди. Унгача Кепакхон даврида қурилган Қарши қалъаси ҳам пойтахт вазифасини бажарган. Аммо вақт ўтиши билан сиёсий марказ яна шу воҳага Занжирсаройга кўчирилди.
Қадимий шаҳарсозлик анъаналарига хос равишда квадрат шаклда қурилган бу сарой, ўз тарихи жиҳатидан Қарши қалъасига жуда ўхшаш эди. Бу эса ўша даврдаги меъморий мактабнинг узлуксизлигини кўрсатади.

Темур излари тушган сарой
1370 йил тарихда бурилиш нуқтаси. Ҳокимиятга келган Амир Темур бу саройни ўз қўл остига олади.
– Манбаларда ёзилишича, соҳибқирон бу ерга кўп марта келиб турган. Худди шу ерда қўшин тўпланган, юришлар олдидан тайёргарлик кўрилган, – дейди Абдусабур Раимқулов.
Занжирсарой атрофидаги беадад кенгликлар ов қилиш учун қулай бўлган. Аммо бу ер фақат дам олиш манзили эмас эди. Бу ерда юришлар тақдири ҳал қилинган. Ҳиндистон ёки Форс сари йўл олган қўшинлар айнан шу ерда жамланган.
Демак, бу сарой фақат архитектура ёдгорлиги эмас, балки ҳарбий-сиёсий марказ ҳам бўлган.

Қонли исён ва ҳукмдорнинг ҳалокати
Занжирсарой деворлари фақат зафарларни эмас, фожиаларни ҳам кўрган. 1347 йилда айнан шу ерда Қозонхон султон маҳаллий туркий аслзодалар исёни пайтида ҳалок бўлади.
– Амир Қозоғон бошчилигидаги исён натижасида Қозонхон шу саройда ўлдирилган, – дейди олим.
Бу воқеа нафақат бир ҳукмдорнинг, балки бутун бир сиёсий тизимнинг таназзулини бошлаб берди.
Вайрон бўлган сарой, узилган ҳаёт
1387 йил. Темур Шом юришларида. Шу пайт Тўхтамишхон Бухорога юриш қилади. Аммо ўша пайтда Мовароуннаҳрни муҳофаза қилиб турган темурий шаҳзода Мироншоҳ мирзодан мағлуб бўлиб чекинаётганда, у йўлидаги барча шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилади.
Занжирсарой ҳам шу қирғиндан четда қолмайди.
– Қайтишда у барча қалъа ва қишлоқларни ёқиб кетган. Шу билан бу ерда ҳаёт тўхтаган ва сарой қайта тикланмаган, – дейди тарихчи.
Шу тариқа, бир замонлар гавжум бўлган қароргоҳ бир лаҳзада харобага айланади. Ва ўшандан бери у қайта тирилмаган.

Интиқомнинг оғир қасоси
Тарихда баъзи воқеалар борки, улар ортида фақат сиёсат эмас, балки шахсий ҳис-туйғулар ҳам ётади. Занжирсаройнинг вайрон қилиниши ҳам ана шундай воқеалардан бири бўлиши мумкин.
– Шарофиддин Али Яздий бу ҳолатни кейинчалик “Зафарнома” асарида Темур томонидан Олтин Ўрданинг вайрон қилинишига боғлайди, – дейди олим.
1395 йилда Темур Олтин Ўрдани тор-мор қилади, унинг пойтахти Сарой Берка вайрон этилади. Бу фақат геосиёсий қарор эмас, балки эҳтимол, шахсий интиқом ҳам эди. Чунки Қозонхон султоннинг қизи – Сароймулкхоним (Бибихоним) Темурнинг суюкли рафиқаси бўлган.
– Бу тўқима эмас. Бунинг ортида ҳақиқий тарихий омиллар бор, – дейди Абдусабур Раимқулов.
Ер остидаги шаҳар
Бугун Занжирсарой 16 гектар майдонни эгаллаган улкан археологик ёдгорлик. Ҳар томони 400 метрли квадрат шаклда қурилган. Тўрт томонида тўрт дарвоза. Марказда сарой.
– Сарой пишиқ ғиштдан қурилган, тахминан 44×44 метрли тузилишга эга бўлган. Ўртасида гумбаз, атрофида хоналар жойлашган, – дейди олим.
Бу иншоотнинг аҳамияти шундаки, у фуқаролик архитектураси намунаси ҳисобланади. Яъни у ҳарбий эмас, балки ҳокимият маркази сифатида хизмат қилган. Шу сабабли ҳам душманлар томонидан айнан шу каби бинолар нишонга олинган.
Бибихонимнинг болалик манзили
Занжирсарой нафақат сиёсат, балки шахсий тақдирлар билан ҳам боғлиқ.
– Сароймулкхоним 1341 йилда туғилган. Демак, унинг болалиги айнан шу саройда ўтган, – дейди олим.
Бу келажакда Темур империясида муҳим ўрин тутадиган аёлнинг илк қадамлари айнан шу ерда ташланганини англатади.
Тикланиш арафасидаги тарих
Ўтмишда вайрон бўлган бу сарой бугун яна ҳаётга қайтиш арафасида.
– Бу ерда қазишмаларни давом эттириб, катта қисмини очиқ осмон остида музейга айлантириш ниятимиз бор. Бу ҳақда соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан археологик тадқиқотлар ва қазишма ишларини олиб бориш бўйича келишувга эришдик, – дейди Абдусабур Раимқулов.
Режаларга кўра, мудофаа деворларининг бир қисми ҳам тикланади. Ва Занжирсарой келажакда туристик манзилга айланиши мумкин.
Бугун Занжирсарой фақат ўтмиш эмас. У савол. Нега бир сарой вайрон қилинди? Нега бир давлат йўқ қилинди? Тарихда қарорлар фақат ақл билан қабул қилинганми ёки юрак ҳам сўз айтганми?
Балким, бу саволларга жавобни ҳали ҳам шу тупроқ остидаги деворлар билиб ётибди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири