“Ақчакўл илҳомлари”: танлов якунланди, ғолиблар тақдирланди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида икки кун давом этган “Ақчакўл илҳомлари” республика ижодий танлови юқори савияда ташкил этилди.
Танлов доирасида республика ижодий танлови меҳмонлари – бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар ҳамда жамоатчилик вакиллари Элликқалъа тумани ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳудудида барпо этилган “Абдулла Орипов боғи”да эзгу ниятлар билан мевали дарахт кўчатларини экдилар.
Меҳмонлар Отажон Худойшукуров номидаги музейда ҳам кўплаб, у ердаги тарихий ва эсдалик фотосуратларни кўздан кечирди. Шуни таъкидлаш жоиз, миллий маданиятимизни юксак чўққиларга олиб чиққан машҳур хонанданинг ўлмас ижоди ҳали узоқ даврларгача халқимиз қалбида яшаб, санъатимизнинг бебаҳо дурдоналари сифатида қадрланаверади.
Меҳмонлар Элликқалъа туманидаги санъат саройида Ўзбекистон шеъриятининг энг ёрқин намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бюстининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Шунингдек, Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа факультетига ташриф буюриб, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номли музейда ҳам бўлиб, экспонатлар билан ҳам танишди.
[gallery-28664]
Шу кунлари “Қирққизобод” қишлоғида тадбиркор Адилбек Рўзимбетов томонидан 35 ўринга мўлжалланган замонавий талаблар асосида барпо этилган янги хусусий клиника иш бошлади. Очилиш маросимида танлов ташкилий гуруҳи аъзолари, меҳмонлар, жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Икки қаватли мазкур муассасанинг биринчи қаватида замонавий лаборатория фаолият кўрсатса, иккинчи қаватида стационар даволаниш учун барча қулайликлар яратилган.
Шунингдек, “Ихлос” маҳалласида янги 75-сонли умумтаълим мактабининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда танлов ташкилий гуруҳи аъзолари, фахрий меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, ёшлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Умумий қиймати 9 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этувчи ушбу таълим маскани 220 ўринга мўлжалланган. Замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган мазкур мактабда ўқувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Меҳмонлар шунингдек, тумандаги Бўстон шаҳарчасида жойлашган Устозга эҳтиром ҳайкали пойига ҳам гулчамбарлар қўйди.
“Ақчакўл илҳомлари” республика ижодий танловида шеърият, наср ва тасвирий санъат йўналишлари бўйича Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан иқтидорли ёшлар қатнашди ва ғолиблар аниқланди.
Ғолибларни тақдирлаш тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларни муборакбод этди. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева шоирнинг ва ўз ижодидан намуналар ўқиди.
“Ақчакўл илҳомлари” республика танловида фарғоналик Давлатжон Каримов “Энг яхши шеърий асар” йўналишида “Ақчакўл” шеъри учун, навоийлик адиб Умид Худойқулов “Энг яхши насрий асар” йўналишида Ақчакўл бадиий қатраси учун, бухоролик Юнус Фармонов “Энг яхши тасвирий санъат асари” йўналишида Ақчакўлга бағишланган туркум расмлари учун диплом билан тақдирланди.
Республиканинг барча ҳудудларидан келган 44 нафар иштирокчининг ҳар бирига диплом, статуэтка, эсдалик совғалари ва китоблар жамланмаси топширилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бир гуруҳ ижодкорларга уюшманинг аъзолик гувоҳномаларини ҳам тақдим этди.
Тадбир давомида Элликқалъа туман ҳокими В.Ниязимбетов сўзга чиқиб, ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди ва туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган “Ташаккурнома”ларни топширди.
Тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Нуразизов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.