Ҳушёрлик — омонлик гарови: фавқулодда вазиятларга шайлик синови
Инсон ҳаёти ва унинг хавфсизлигини таъминлаш ҳар қандай жамият ва давлатнинг энг устувор вазифасидир. Айниқса, стратегик аҳамиятга эга бўлган йирик саноат объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш доимий ҳушёрликни талаб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимининг самарадорлиги нафақат замонавий техникага, балки энг аввало, инсон омилига, мутахассисларнинг билим ва тезкор ҳаракатига боғлиқдир. Биз ҳар қандай хавф-хатарнинг олдини олишга, ҳар қандай вазиятга шай туришимиз керак”. Ана шу стратегик мақсад ижроси сифатида Сирдарё вилоятида “Фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ташкил этилган махсус-тактик ўқув машқлари хавфсизлик маданиятини юксалтиришда муҳим қадам бўлди.


“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарда ўтказилган мазкур амалий машғулотлар давомида ходимларнинг шартли фавқулодда вазиятлардаги тезкор ҳаракатлари синовдан ўтказилди. Станциянинг ёқилғи-транспорт цехида юз берган шартли ёнғин ҳолатида ходимлар ёнғинни дастлабки воситалар билан бартараф этиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш ва кескин вазиятда тўғри қарор қабул қилиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассисларининг бевосита кўмагида ўтган ушбу жараён жамоавий жипслик ва касбий масъулиятни мустаҳкамлашга хизмат қилди.


Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Даврон Сулаймоновнинг эътироф этишича, бу каби машқлар ходимларнинг нафақат амалий тайёргарлигини кучайтиради, балки корхона фаолиятида хавфсизлик маданиятини янги босқичга олиб чиқади. Машғулотлар давомида ходимлар фавқулодда вазиятларда ваҳимага берилмай, аниқ ва самарали ҳаракат қилиш кўникмасини ўзлаштирди. Бу эса нафақат объектнинг мустаҳкам ҳимоясини, балки ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлашда ҳам муҳим омилдир. Ушбу тадбирлар аҳоли ва корхоналарнинг фавқулодда вазиятларга тайёрлик даражасини ошириб, вилоят миқёсидаги хавфсизлик тизимини янада мустаҳкамлайди.
Сирдарёдаги махсус-тактик машқлар ҳар бир сониянинг инсон ҳаёти учун нақадар қадрли эканини яна бир бор исботлади. Профессионал масъулият ва доимий тайёргарлик — тинч ва хавфсиз ҳаёт кафолатидир. Бугунги амалий машғулотлар ҳам айнан мана шу улуғвор мақсад сари ташланган муҳим қадам бўлиб, Сирдарёнинг хавфсиз келажагига хизмат қилади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири