Ёшлар учун тадбиркорлик ва бандлик имкониятлари кенгайтирилмоқда
“Келажак тадбиркори – 2026” ярмаркаси ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, иш билан таъминлаш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва мустақил даромад манбаини шакллантириши учун зарур шароит яратиш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, ёшларга фақат иш ўрни таклиф қилиш эмас, балки уларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши, янги ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириши учун имконият яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ғояларини рўёбга чиқариш, касбий тайёргарлигини ошириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухорода ташкил этилган “Келажак тадбиркори – 2026” касб, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси ҳам ана шу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.
Тадбир ёшлар учун иш берувчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифларни ўрганиш, ўз бизнесини бошлаш ҳамда истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари билан танишиш майдонига айланди.
Ярмарканинг очилиш маросимида “Ўзмиллийбанк” АЖнинг “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов, вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари Садоқат Сиддиқова, Баҳодир Маъмуров ва Шуҳрат Тешаевлар иштирок этишиб, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратдилар.
Ярмарка давомида ёшлар иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар билан бевосита мулоқотда бўлишиб, мавжуд бўш иш ўринлари, амалиёт дастурлари ва касбий ривожланиш йўналишлари ҳақида маълумот олдилар. Айниқса, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар учун тадбиркорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш ва молиялаштириш механизмлари юзасидан берилган тушунтиришлар муҳим аҳамият касб этди.
[gallery-32487]
Шунингдек, Бухоро давлат техника университетида “Келажак тадбиркори – 2026” ярмаркаси доирасида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Унда “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов, вилоятдаги олий таълим ташкилотлари масъуллари ва талабалар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда ёшларнинг касбий ривожланиши, олий таълимдан кейинги бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар юзасидан зарур тавсияларга эга бўлишди.
Бундай учрашувларнинг аҳамияти шундаки, ёшлар назарий билим билан чекланиб қолмай, амалий фаолият, ишбилармонлик муҳити ва молиявий имкониятлар ҳақида бевосита мутахассислардан маълумот олишади. Бу эса уларда мустақил қарор қабул қилиш, бизнес ғоясини аниқ лойиҳага айлантириш, бозор талабларини ўрганиш ва масъулият билан иш юритиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, бандлик ва тадбиркорлик масалаларига бир-бирини тўлдирувчи йўналишлар сифатида ёндашилмоқда. Бир томондан, ёшларга муносиб иш ўринларини топишда кўмаклашилса, иккинчи томондан, уларнинг ўзи иш берувчига айланиши учун зарур билим, молиявий кўмак ва амалий маслаҳатлар таклиф этилмоқда. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётида ёшларнинг иштирокини кучайтириш учун муҳим омилдир.
Мазкур ярмарка ва очиқ мулоқотлар таълим муассасалари, молия ташкилотлари, иш берувчилар ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Зеро, ёшларнинг билими ва ташаббуси реал иқтисодий натижага айланиши учун таълим, амалиёт ва молиявий имкониятлар ўртасида узвий боғлиқлик бўлиши зарур.
Шу маънода, “Келажак тадбиркори – 2026” ярмаркаси шунчаки бўш иш ўринлари тақдим этилган тадбир эмас, балки ёшларнинг келажакдаги касбий ва ишбилармонлик йўлини белгилашга кўмаклашувчи амалий мулоқот майдони сифатида аҳамиятлидир. Чунки бугун ўз иқтидори ва ғоясига ишонган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топган, тадбиркорликка дадил қадам қўйган ёшлар эртанги тараққиётнинг мустаҳкам таянчи бўлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (суратлар), ЎзА мухбирлари