Ўмон нашри Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини ёритди
Ўмоннинг нуфузли "Al Watan" нашри Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш истиқболларига бағишланган мақола чоп этди.
Нашр маълумотига кўра, Масқат шаҳрида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ўмон томонидан эса савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Анвар бин Ҳилол ал-Жобрий иштирок этди.
Йиғилишда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларига киришини енгиллаштириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда саноат ва логистика соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қайта тикланувчи энергетика, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, таълим ва илмий тадқиқотлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Инвестициявий шериклик доирасида Ўмон – Ўзбекистон инвестиция компанияси фаолиятини кенгайтириш ва қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди.
“Al Watan” газетаси икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ўртасида ўтказилган икки томонлама учрашувларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, Ўмон инвестиция агентлиги раҳбари Абдуссалом бин Муҳаммад ал-Муршидий Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан музокаралар ўтказиб, инвестициявий лойиҳалар кўламини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, Ўмон қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва сув ресурслари вазири Сауд бин Ҳамуд ал-Ҳабсий Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан учрашди. Мулоқот чоғида аграр соҳада тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш, соҳага инвестициялар жалб қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА