Ёшлар билан очиқ мулоқот
Наманганда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров иштирокида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ўтказилди.
“Ватанпарвар” ташкилотининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Косонсой туманидаги миллий маданият марказида уюштирилган ушбу тадбирда “Ватанпарвар” вилоят кенгаши ва унинг шаҳар, туманлардаги ўқув спорт техника марказлари мутасаддилари, тумандаги олий ва касбий таълим муассалари талаба-ёшлари қатнашдилар.
Мулоқот аввалида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш, оммавий касб турларига ўқитиш ва тайёрлаш борасида “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ташкилот тизимида фаолият юритаётгна 30га яқин касб турлари бўйича тўгараклар ва курслар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар етиштиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Биргина охирги икки йилда ҳайдовчиларни тайёрлаш борасидаги таълим йўналишини янги сифат босқичига кўтариш мақсадида ташкилот тизимида республика бўйича 2 мингдан ортиқ янги транспорт воситалари харид қилинди.
Ёзги Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, жаҳон кубоги, МДҲ ўйинлари каби нуфузли халқаро мусобақаларда Муҳаммад Камолов, Мухтасар Тоҳирова, Содиқжон Абдуллаев каби “Ватанпарвар”да тобланган наманганлик спортчиларнинг зафарли натижалари алоҳида эътироф этилди.
[gallery-32165]
Тадбир чин маънода қизғин ва самимий руҳда кечиб, айниқса, Косонсойнинг келиб чиқиши ва туманни ташкил этиш тарихи борасидаги мунозаралар иштирокчиларнинг фаоллигини оширди. Қолаверса, очиқ мулоқотда ёшлар қизиқтирган саволларга жавоб олиб, ўз фикр ва таклифларини билдиришди.
– Бундай учрашувлар биз ёшлар учун кераклигини тадбир мобайнида ҳис этдим. Боиси, “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да “Ватанпарвар” ташкилоти қошида йигитлар учун ас қотадиган мерганлик бўйича спорт секцияси борлиги катта қизиқишимга сабаб бўлди, – дейди Косонсой туманидаги 4-сонли касб-ҳунар техникуми талабаси Ҳожиакбар Усмонхонов. – Ташкилот раиси биз ёшлар учун тўгараклар эшиклари очиқлиги, барча имкониятлар муҳайё этилишини айтганлиги қувонарлидир.
Дарҳақиқат, эртамиз эгалари билан дилдан учрашув ва мулоқотлар ўғил-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий қизиқишини ривожлантириш ҳамда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (суратлар), ЎзА мухбирлари