Ёшлар билан мулоқот
Президентимиз ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёшлар куни” тадбирлари доирасида эртамиз эгаларининг муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда бўлиб ўтаётган “Раҳбар ва ёшлар” мавзусидаги очиқ мулоқотлар бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган учрашув ёшлар билан очиқ, самимий ва мазмунли мулоқот майдонига айланди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” партияси фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов, партия Наманган вилояти кенгаши раиси Исроилжон Жўраев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг вилоят бўлими ижрочи директори Аъзамжон Аҳмадалиев, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Дастлаб талаба-ёшлар “Адолат” партиясининг асосий мақсад ва вазифалари, жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ташаббуслар билан таништирилди.
Спикерлар ёшлар билан очиқ ва жонли мулоқотга киришиб, парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёни, ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш босқичлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кибержиноятчилик ва интернет орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш каби долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда сўнгги йилларда наманганлик спортчиларнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, жаҳон кубоги, Осиё кубоги, халқаро Гран-при каби халқаро мусобақалардаги муваффақиятли натижалари юртимиз довруғини юксалтираётгани таъкидланиб, талаба-ёшлар чемпионларнинг ортидан эргашган ҳолда спорт мусобақаларида янада фаол иштирок этишга чақирилди.
Мулоқотда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқур англаш, жамият ҳаётида фаол, ташаббускор ва масъулиятли иштирок этиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган бир қатор иқтидорли талабалар “Адолат” партияси вилоят кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА