Йирик транспорт лойиҳаси
Мамлакатимизда транспорт ва йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароитларини яратиш, халқаро транспорт йўлакларининг ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида замонавий йўл инфратузилмасини барпо этиш, мавжуд транспорт тармоқларини такомиллаштириш ва ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби ишлар Бухоро вилоятида ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, вилоят марказида транспорт ҳаракатини енгиллаштириш, тирбандликларни бартараф этиш ва халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида ҳаракат самарадорлигини ошириш мақсадида йирик инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шу масала юзасидан вилоят ҳокими Ботир Зарипов Хитойнинг “CSCEC International” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Бухоро шаҳридаги энг серқатнов транспорт нуқталаридан бири ҳисобланган “Карвон бозор” чорраҳасида замонавий икки сатҳли йўл ўтказгич барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, А380 “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” автомобиль йўлининг 224-километри ҳамда М37 “Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши” автомобиль йўлининг 265-километри кесишган ҳудудда замонавий транспорт иншооти қурилади.
Мазкур чорраҳанинг стратегик аҳамияти шундаки, у икки халқаро автомобиль йўлини ўзаро боғловчи муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. Мавжуд маълумотларга кўра, бу ердан бир суткада ўртача 80 мингдан ортиқ транспорт воситаси ҳаракатланади. Табиийки, бундай юқори ҳаракат жадаллиги, айниқса, куннинг серқатнов соатларида тирбандликларни юзага келтириб, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун муайян ноқулайликлар туғдирмоқда.
Шу боис чорраҳани қайта ташкил этиш ва транспорт оқимларини турли сатҳларда ҳаракатлантириш замон талабига айланмоқда.

Лойиҳа доирасида чорраҳада тўртта йўл ўтказгич ҳамда умумий узунлиги 2,8 километр бўлган автомобиль йўлларини қуриш кўзда тутилган. Бу орқали транспорт воситаларининг бир-бири билан кесишув нуқталарини камайтириш, ҳаракат оқимларини тартибга солиш, чорраҳанинг ўтказувчанлик имкониятини ошириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Учрашувда лойиҳанинг техник ечимлари, қурилиш жараёнини ташкил этиш, амалга ошириш муддатлари ва бошқа ташкилий масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов лойиҳани сифатли, белгиланган талаб ва меъёрлар асосида амалга ошириш, қурилишда замонавий муҳандислик ечимларини қўллаш, шунингдек, жараён билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, йирик транспорт иншоотларини барпо этишда фақат қурилиш ҳажми эмас, балки уларнинг узоқ муддатли самарадорлиги, ҳаракат хавфсизлиги ва келгусидаги транспорт оқимларига мослашувчанлиги ҳам муҳим мезон ҳисобланади. Айниқса, халқаро йўллар кесишган нуқтада бундай лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат шаҳар ички ҳаракатига, балки бутун минтақанинг транспорт-логистика имкониятларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, “Карвон бозор” чорраҳасида транспорт ўтказувчанлиги ошиши, тирбандликлар камайиши, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун қулай ҳамда хавфсиз ҳаракатланиш шароити яратилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири