Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ўртасида маданий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 12-ноябрь куни Уммон Султонлигида ўтказилган “Ўзбекистон маданияти куни” доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Ўмон Султонлиги Маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд бин Ҳилал бин Ҳамад Ал Бусаиди ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг жорий ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Вазир Озодбек Назарбеков учрашувда икки халқни кўп асрлик дўстлик ришталари, умумий исломий мерос ҳамда муҳташам маънавий қадриятлар боғлаб туришини таъкидлади.
Томонлар икки давлатда маданият кунларини мунтазам равишда ўтказиш, санъат ва маданий таълим соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш, қўшма концерт дастурларини ташкил этиш ҳамда икки мамлакат маданият вазирликлари ўртасида ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамловчи тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
Шунингдек, Маскат Қироллик опера театри билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Маданият вазири Озодбек Назарбеков Маскат Қироллик опера театри фаолияти, унинг ижодий имкониятлари ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишлари билан яқиндан танишди. Тадбирлар доирасида театр Директорлар кенгаши аъзоси Саййид доктор Комил бин Фаҳд Ол Саид билан расмий учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси ва Маскат Қироллик опера театри ўртасида амалий ҳамкорликни ўрнатиш, жумладан, қўшма опера ва балет спектаклларини саҳналаштириш, ижодий жамоаларнинг ўзаро гастрол сафарларини уюштириш ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг расмий очилиш маросими ва гала-концерт дастури олдидан икки мамлакат санъаткорлари ҳамда ҳунармандлари ижодига бағишланган кўргазма намойиши бўлиб ўтди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О.Назарбеков ва Уммон Султонлиги Маданият, спорт ва ёшлар вазири Саййид Сауд бин Ҳилал бин Ҳамад Ал Бусаиди икки халқнинг миллий анъаналари, амалий санъат ва ҳунармандчилик йўналишларидаги ижод намуналарини кўздан кечирдилар. Ушбу тадбир икки давлатнинг маданий бойлиги ва бой ижодий анъаналари билан яқиндан танишиш имконини берувчи муҳим майдон вазифасини ўтади.
Зиёвуддин Нуриддинов, ЎзА