Йирик сармоя — катта имконият: 2 миллиард долларлик агроэнергетика лойиҳаси амалга оширилади
Хитойда ташкил этилган халқаро иқтисодий форум доирасида Ўзбекистон иқтисодиёти учун фойдали бўлган келишувларга эришилди.
Форумнинг B2B мулоқотларида 300 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этиб, инвестициявий ҳамкорлик ва қўшма ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси бошқарув кенгаши раҳбариятининг форумдаги чиқишида мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳити ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожидаги ўрнига тўхталди.

Шунингдек, ташриф доирасида делегация аъзолари Шанхайдаги “SATAMZ” компаниясининг кўча тозалаш техникалари ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишди ҳамда Ўзбекистон, Хитой ва Россия вакиллари ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор меморандумлар имзоланди.
Анжуманнинг энг муҳим натижаси — қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган агроэнергетика лойиҳаси бўлди. 2026–2030 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа ижросига Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси, Ўзбекистон Энергетиклар миллий ассоциацияси ҳамда Шанхайнинг етакчи энергетика марказлари ва компаниялари масъул этиб белгиланди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА