Иброҳим Абдураҳмонов: "Ҳеч бир соҳани, хусусан, қишлоқ хўжалигини ҳам энергетикасиз тасаввур этиб бўлмайди"
Вазир фикри
Бугунги энергетика ислоҳотлари – шунчаки инфратузилмани янгилаш эмас, балки келажак авлодлар учун барқарор иқтисодиёт ва "яшил" тараққиёт пойдеворини яратишдир.
Замонавий дунёда электр энергиясисиз бирор-бир соҳа ёки тармоқ ривожини тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, жорий йилнинг 16 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика тармоғидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида йирик сармоядорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида энергиянинг ўрни, унга бўлган талаб ва соҳалар ривожида халқаро ҳамкорлик аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз фикрларини айтди.
– Энергетика тизимини, барча соҳалар қатори, қишлоқ хўжалигининг ҳам қон томири, деб аташ мумкин, – деди Иброҳим Абдураҳмонов. – Аграр тармоқ учун ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари қанчалик муҳим бўлса, электр энергияси ҳам шунчалик зарур. Охирги йилларда Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳани ривожлантиришда муқобил энергия манбаларига алоҳида урғу берилмоқда. Жумладан, бугунги кунда 9,5 мингта фермер хўжалигида 10,4 мингга яқин суғориш насослари мавжуд бўлиб, уларнинг 9 мингдан зиёдида (салкам 100 фоизида) ўзини ўзи электр билан таъминлайдиган қуёш панеллари ўрнатилди. Айниқса, марказлашган тармоқ етиб бормаган чекка ҳудудларда қуёш панелларининг самарадорлиги жуда юқори бўлмоқда.
Қолаверса, зарарли газлар ташламаларини камайтириш мақсадида тизимдаги иссиқхона хўжаликларига иқтисодий жиҳатдан самарали ва экологик тоза “яшил” технологияларни жорий этмоқдамиз. Ушбу мажмуаларни қуёш панеллари ва иссиқлик буғ тизимлари орқали иситишда ҳам электр энергиясининг ўрни жуда муҳим.
Президентимиз доим таъкидлаганларидек, “инвестиция – иқтисодиётнинг қон томиридир”. Демак, аграр тармоққа хорижий сармояларни фаол жалб этиш, айниқса, шамол ва қуёш энергияси манбаларидан самарали фойдаланувчи инвесторларни қўллаб-қувватлаш устувор аҳамиятга эга. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги учун мутлақо янги инновация бўлган геотермал энергия манбаларини ўзлаштириш ҳам катта маблағ ва юқори технологияларни талаб этади. Шу боис, энергетика соҳасидаги инвесторлар билан ўтказилган илк очиқ мулоқот бу борадаги стратегик ва муҳим қадам бўлди.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА