Японияда сув таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилмоқда
Жорий йилнинг 30 март – 1 апрель кунлари Японияда инфратузилмани ривожлантириш ва молиялаштиришнинг замонавий ёндашувларига бағишланган нуфузли халқаро ўқув- семинар бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси, жумладан, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Мазкур семинар Осиё тараққиёт банки институти ҳамда Тойо давлат-хусусий шериклик университети ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, “ДХШ моделига эътибор қаратган ҳолда инфратузилма учун узоқ муддатли молиялаштириш ва ҳамкорликка асосланган ечимлар” мавзусига бағишланган.

Тадбир доирасида инфратузилмани бошқариш бўйича илғор халқаро тажрибалар алмашилмоқда, замонавий бошқарув тизимлари ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини самарали молиялаштириш механизмлари атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Айни пайтда ушбу нуфузли анжуманда иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибида “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Нодир Хўжамов бошчилигидаги мутахассислар ҳам бор. Улар Япониянинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиб, уни мамлакатимизда соҳа ривожига татбиқ этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Халқаро конференцияда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, уни самарали бошқариш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш бўйича илғор ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини ривожлантиришга қаратилган инновацион ечимлар билан яқиндан танишилмоқда.
Хусусан, “Mitsubishi Corporation” компанияси томонидан коммунал инфратузилмани ривожлантиришга оид давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унда сув таъминоти ва оқова тизимларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ҳамда самарали эксплуатация қилишнинг замонавий механизмлари батафсил ёритилди.

Тақдимотда инфратузилма объектларини бошқаришда интеграциялашган ёндашув – яъни ичимлик суви таъминоти, оқова тизимлари ва рақамли мониторингни ягона тизимга бирлаштириш масалалари алоҳида таъкидланди. Бу эса хизматлар барқарорлиги ва узлуксизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар фикрича, мазкур модель орқали давлат стратегик бошқарувни сақлаб қолган ҳолда, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, инфратузилмани техник жиҳатдан янгилаш ҳамда хизматлар сифатини ошириш имконияти яратилади.

Таъкидлаш жоизки, бу каби халқаро тадбирларда иштирок этиш Ўзбекистонда сув таъминоти ва коммунал хизматлар соҳасини янада такомиллаштириш, замонавий бошқарув ва молиялаштириш механизмларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА