Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги: ичимлик суви таъминотида илғор тажриба ва янги имкониятлар
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора янги амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Айниқса, замонавий технологияларни жорий этиш, инфратузилмани модернизация қилиш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги алоқалар икки давлат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бу жараёнда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сувларни самарали тозалаш ва мавжуд инфратузилмани замонавий талаблар асосида ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Корея Республикасининг мазкур соҳада тўплаган илғор тажрибасини ўрганиш ва унинг самарали жиҳатларини Ўзбекистон амалиётига жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари долзарб аҳамиятга эга.
Жорий йил 8 сентябрь куни Транспорт, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти мудири, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси иштирокидаги Ҳукумат делегациясининг Жанубий Корея Республикасига хизмат сафари доирасида шу йўналишда қатор учрашув ва амалий тадбирлар ўтказилди.
Делегация К-water академияси раҳбарияти билан учрашиб, Кореяда оқова сув тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш, замонавий тозалаш иншоотларини барпо этиш ва улардан самарали фойдаланиш, тозаланган сувни қайта ишлатиш ҳамда тариф сиёсатини шакллантириш бўйича тажриба билан танишди.

Тақдимот давомида К-water томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, оқова сув иншоотларини ер остида қуриш ва уларнинг устки қисмларидан шаҳар аҳолиси учун ижтимоий инфратузилма сифатида фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Сафар давомида Ўзбекистон делегацияси К-water компаниясига қарашли “Asan” ер ости оқова сув тозалаш иншооти фаолиятини ҳам ўрганди.
Мазкур иншоот суткасига 45 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга. Унинг 27 минг куб метри қайта тозаланиб, “Samsung” компаниясининг экран ишлаб чиқариш заводига етказиб берилади. Иншоотнинг тўлиқ ер остида жойлашгани, унинг устки қисмида эса парк ташкил этилгани шаҳар инфратузилмасидан самарали ва оқилона фойдаланишнинг ўзига хос намунасидир.
Делегация аъзоларига оқова сувларни биологик тозалаш, зарарсизлантириш ҳамда тескари осмос фильтрлари ёрдамида тозалаш жараёнлари намойиш этилди.

Эътиборли жиҳати, ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилган бўлиб, К-water компанияси унда оператор сифатида иштирок этмоқда.
Учрашувлар чоғида кадрлар салоҳиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Жаҳон банки грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган К-water академияси томонидан “Ўзсувтаъминот” АЖ ходимларининг малакасини ошириш дастурини жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Бу, ўз навбатида, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида замонавий бошқарув усуллари ҳамда илғор технологияларни ўзлаштирган мутахассислар салоҳиятини оширади.
Хизмат сафари якунида Ўзбекистонда ҳам оқова сувларни тозалаш ва улардан саноат эҳтиёжлари учун қайта фойдаланишга йўналтирилган лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш имкониятларини ўрганиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, К-water мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф этиб, Корея тажрибасини жойларда ўрганиш ва унинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш режалаштирилди.

Ўзбекистон – Корея муносабатларидаги изчил ҳамкорлик ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида ҳам янги имкониятларни очмоқда. Кореянинг замонавий технология ва бошқарув тажрибасини ўрганиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш ҳамда тозаланган сувдан қайта фойдаланиш амалиётини жорий этиш “Ўзсувтаъминот” АЖ фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлиши мумкин.
Нилуфар Бозорова, ЎзА