U-17 Жаҳон чемпионати: иккинчи тур олдидан гуруҳлардаги вазият қандай?
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида биринчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
Қайд этилган натижаларга кўра, «А» гуруҳида Жаҳон чемпионати мезбони Қатар терма жамоаси илк турда Панама термасини 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Греция эса Мисрдан 2:1 ҳисобида устун келди. Шу тариқа Қатар ва Греция уч очкодан жамғарди. Миср ва Панама очкосиз 3-4 ўринда қолди.
Мазкур гурҳдаги иккинчи тур учрашувлари бугун, 22 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Греция ва Панама, Қатар ҳамда Миср ўсмирлар терма жамоаси баҳсига гувоҳ бўламиз.

«В» гуруҳида Жанубий Корея ўсмирлар терма жамоаси 2:0 ҳисобида угандалик тенгқурларини енгиб, очко билан гуруҳ етакчисига айланди. Эквадор эса Янги Каледония устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва тўплар нисбатига кўра, иккинчи ўриндан жой олди.
Бугун мазкур гуруҳда иккинчи тур баҳслари ўтказади. Ушбу босқичда Жанубий Корея - Янги Каледония, Эквадор - Уганда термалари майдонга тушади.

«С» гуруҳидан ўрин олган Мозамбик ва Дания терма жамоалари ўртасидаги учрашув 4:0 ҳисобида ўз якунига етди. Гуруҳнинг иккинчи баҳсида эса Австралия 2:0 ҳисобида Аргентинадан устун келди. Шу тариқа, Мозамбик ва Австралия уч очкодан жамғарди. Аргентина ва Дания эса очкосиз қолди.
Иккинчи турда Мозамбик ва Аргентина, Дания ҳамда Австралия ўсмирлар терма жамоаси ўзаро рақобатлашади.

«D» гуруҳида кутилганидек Франция терма жамоаси Гаитини 3:1, Уругвай эса Саудия Арабистонини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Ҳар икки жамоа уч очкодан олган бўлса-да, голлар нисбатига кўра биринчи, Уругвай иккинчи ўриндан жой олди. Саудия Арабистони ва Гаити эса дастлабки турни мағлубият билан бошлагани боис қуйи ўринланди банд этди.
Бугун иккинчи тур доирасида «D» гуруҳида Саудия Арабистони — Франция ва Уругвай — Гаити учрашувлари ўтказилади. Дарвоқе, Уругвай ҳамда Гаити терма жамоалари ўртасидаги баҳсни ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқаради. Ҳусусан, учрашувда бош ҳакам сифатида Аскер Нажафалиев ишлайди. Унга қанотларда Бахтиёрхўжа Шавкатов ва Авазбек Абдуллаев ёрдам берди.

Энди эса ўзбек футбол ихлосмандлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган «Е» гуруҳида қайд этилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтсак. Гуруҳда Италиялик ўсмирлар терма жамоаси Ямайка дарвозасига жавобсиз 6 та тўп киритган бўлса, Кот-д’Ивуар вакиллари Ўзбекистонни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Натижада, Италия ва Кот-д’Ивуар 3 очкодан жамғарди. Тўплар нисбатига кўра италияликлар гуруҳ пешқадамига айланди. Ўзбекистон ва Ямайка терма жамоалари эса очкосиз қолди.
Кейинги турда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Ямайкага қарши ўйин ўтказса, Италия ва Кот-д’Ивуар термалари гуруҳ пешқадамлиги учун рақобатлашади.

«F» гуруҳида Тожикистон терма жамоаси Кубани 5:3 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақани муваффақиятли бошлади. Сенегал ва Хорватия ўртасидаги учрашувда эса ғолиб аниқланмади — 1:1. Шу тариқа, Тожикистон 3 очко билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Сенегал ва Хорватия бир очкодан жамғарди. Куба эса очкосиз қолди.
Энди Тожикистон иккинчи ўйинни Хорватияга қарши ўтказади. Сенегал бу турда Куба билан куч синашади.

«G» гуруҳида илк тур учрашувлари голларга бой бўлди. Жумладан, Мали 3:0 ҳисобида Янги Зеландияни енгган бўлса, Бельгия 3:2 ҳисобида Вьетнам устидан ғалаба қозонди. Ушбу учрашувларда ғолиб бўлган жамоалар орасида тўплар нисбатига кўра Мали биринчи, Бельгия иккинчи ўринни эгаллади. Вьетнам учинчи, Янги Зеландия тўртинчи поғонада бормоқда. Иккинчи турда гуруҳ пешқадамлари ва аутсайдерлари ўзаро тўқнаш келади.
«H» гуруҳида Марокаш терма жамоаси Фижини 6:0, испаниялик футболчилар 5:0 ҳисобида Хитойни мағлуб этди. Натижада Марокаш тўплар нисбатига кўра гуруҳда биринчи, Испания иккинчи ўринни эгаллади. Хитой ва Фижи эса очкосиз қолди. Энди иккинчи турда Испания ва Фижи, Марокаш ҳамда Хитой термалари ўртасидаги ўйинларга гувоҳ бўламиз.
Дарвоқе, ушбу юқоридаги тўртта гуруҳнинг иккинчи тур ўйинлари эртага 23 ноябрь куни ташкил этилади.

«I» гуруҳида Бразилия ўсмирлари Ирландия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақани муваффақиятли бошлади. Танзания ва Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги баҳс эса 2:2 ҳисобида якунланди. Натижада Бразилия уч очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Танзания ва Коста-Рика бир очкодан жамғарган бўлса, Ирландия очкосиз қолди. Гуруҳда иккинчи тур ўйинлари 24 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Бразилия ва Танзания, Коста-Рика ҳамда Ирландия жамоалари рақобатлашади.

«J» гуруҳида Чили терма жамоаси Жазоирни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, биринчи турнинг энг сермаҳсул ғалабаларидан бирини қайд этди. Доминикан Республикаси ва Черногория ўртасидаги учрашувда эса кучлар тенг келди — 1:1. Шу тариқа, Чили уч очко билан гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.
Энди ушбу гуруҳдаги иккинчи тур ўйинлари икки кундан сўнг бўлиб ўтади. Мазкур босқичда Черногория ва Жазоир, Чили ҳамда Доминикан Республикаси терма жамоалари куч синашади.

«K» гуруҳида Венесуэла Камерунни 2:1, Мексика эса Руминияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳар икки жамоа ҳам уч очкодан жамғарган бўлса-да, голлар нисбати Венесуэлани биринчи ўринга олиб чиқди. Камерун ва Руминия эса кейинги турларда очколар учун курашни давом эттиради. Гуруҳдаги иккинчи турда Венесуэла — Руминия, Камерун — Мексика жамоалари ўзаро куч синашади.
«L» гуруҳида Сербия 2:0 ҳисобида Гондурас устидан зафар қучган бўлса, Колумбия 2:1 ҳисобида Японияни доғда қолдирди. Қайд этилган натижалардан сўнг Сербия тўплар нисбатига кўра гуруҳда биринчи, Колумбия эса иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Мағлуб жамоалар мос равишда 3-4 ўринда қолган.
Иккинчи турни Сербия ўсмирлар терма жамоаси япониялик рақибларига қарши ўтказса, Гондурас ва Колумбия билан куч синашади.
Дарвоқе, ушбу тўртта гуруҳдаги 2-тур учрашувлари ҳам 24 ноябрь куни бўлиб ўтади.


Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА