Автогол “Сўғдиёна”га ғалаба келтирди
Қўқондаги ягона гол “Сўғдиёна”га уч очко тақдим этди. Бироқ автогол билан қўлга киритилган ғалаба жиззахликларнинг жиддий муаммоларини бартараф этгани йўқ.
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Қўқон марказий стадионида Суперлиганинг 28-тур учрашувида “Қўқон-1912” Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди. Ҳар икки жамоа учун очколар муҳим аҳамият касб этарди. Бироқ учрашув тақдири кутилмаган тарзда ҳал бўлди. Қўқонлик Шаҳзод Акрамовнинг автоголи меҳмонларга ғалаба келтирди.
Қизиғи, рақиблар ўртасидаги ўзаро учрашувлар статистикаси ҳам жиззахликлар устунлигини кўрсатади. Шу кунгача клублар чемпионат доирасида 37 бор куч синашган. Уларнинг 11 тасида “Қўқон-1912” ғалаба қозонган. “Сўғдиёна” эса 17 учрашувда рақибидан устун келган. Қолган тўққизта баҳс дуранг билан якунланган.
Ўзаро беллашувлардаги тўплар нисбати ҳам жиззахликлар фойдасига. “Қўқон-1912” рақиб дарвозасини 45 марта ишғол қилган. “Сўғдиёна” ҳисобида эса 60 та гол мавжуд. Энг йирик ғалабалар ҳам жамоалар тарихида сақланиб қолган. Қўқонликлар 4:2 ҳисобида устун келган. Жиззахликларнинг энг йирик ғалабаси эса 4:0 ҳисобини қайд этган.

Бироқ тарихий устунлик бугунги муаммоларни ҳал қилмайди. Буни “Сўғдиёна”нинг жорий чемпионатдаги аҳволи ҳам тасдиқлайди. Ушбу баҳсгача жиззахликлар 16 жамоа орасида 12-ўринда, “Қўқон – 1912” жамоаси эса 15-ўринда бораётган эди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида жамоалар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. Саккизинчи дақиқада “Сўғдиёна” ҳужумчиси Шоҳруз Камолов хавфли зарба йўллади. “Қўқон-1912” дарвозабони Раҳимжон Давронов жамоасини голдан сақлаб қолди. 28-дақиқада эса “Қўқон-1912” футболчиси Элбекжон Йўлчиевнинг зарбасига аниқлик етишмади.
Ўйиннинг 34-дақиқасида баҳсли вазият юзага келди. “Сўғдиёна” футболчиси Шоҳруз Камолов рақиб жарима майдончасида йиқилди. Ҳакамлар VAR орқали ҳолатни текширди. Бироқ бош ҳакам Жасур Мухторов пенальти белгилаш учун асослар етарли эмас деб топди.

Биринчи бўлим якунига яқин “Сўғдиёна” фаолликни оширди. Жиззахликлар футболчиси Люпчо Дориевнинг зарбасини яна Раҳимжон Давронов қайтарди. “Қўқон-1912” дарвозабони биринчи бўлимда ишончли ҳаракат қилди. Унинг сейвлари мезбонларни муқаррар голлардан сақлаб қолди.
Танаффусдан кейин майдондаги манзара ўзгара бошлади. “Қўқон-1912” ҳужумкорликни кучайтириб, рақиб дарвозасига босимни оширди. Мезбонлар бош мураббийси Андрей Шипилов таркибда иккита ўзгариш қилди. Шоҳрух Гадоев ва Тома Табатадзе майдонга туширилди.
58-дақиқадан бошлаб “Қўқон-1912”нинг тўп назоратидаги устунлиги яққол сезилди. Аммо, ҳудудий устунликни хавфли вазиятларга айлантириш осон кечмади. 71-дақиқада “Қўқон-1912” ярим ҳимоячиси Жавоҳир Сидиқов ҳисобни очиш имкониятига эга бўлди. Бироқ унинг ҳаракати самарасиз якунланди. 72-дақиқада “Сўғдиёна” футболчиси Жавоҳир Қаҳрамоновнинг зарбасини Раҳимжон Давронов қайтарди.

74-дақиқада эса учрашув тақдири ҳал бўлди. “Сўғдиёна” сардори Люпчо Дориев бурчак зарбасини амалга оширди. Жиззахликларнинг тожикистонлик легионери Зоир Жўрабоев бош билан зарба йўллади. Тўп устунга тегиб қайтди. Бироқ, тўп “Қўқон-1912” футболчиси Шаҳзод Акрамовга тегиб, дарвоза тўрига тушди.
Қолган дақиқаларда “Қўқон-1912” ҳисобни тенглаштиришга уринди. Лекин мезбонлар рақиб ҳимоясини ёриб ўта олмади. “Сўғдиёна” эса автогол туфайли қўлга киритилган устунликни сақлаб қолди. Якуний ҳуштак жиззахликлар ғалабасини тасдиқлади.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Сўғдиёна” бош мураббийси Улуғбек Бақоев ғалабани муҳим деб баҳолади. У чемпионатнинг қолган учта учрашувини финалга қиёслади.

– Биринчи финални яхши ўтказиб олдик. Энди ўз майдонимизда ўтадиган иккинчи финал баҳсига тайёргарлик кўрамиз”, – деди Улуғбек Бақоев. Унинг айтишича, биринчи бўлим жамоа назорати остида кечган. Иккинчи таймда эса ташаббус рақиб томонга ўтган. “Сўғдиёна” қарши ҳужумлардан фойдаланишни режалаштирган. Унинг фикрича, ушбу тактика ўз самарасини берган.
Бироқ мураббийнинг бу баҳоси айрим саволларни ҳам юзага келтиради. Агар Шаҳзод Акрамовнинг автоголи бўлмаганида, “Сўғдиёна” ғалабага эриша олармиди? Жиззахликлар иккинчи бўлимда ташаббусни рақибга топширган ҳолда устунликни қандай сақламоқчи эди? Бундай вазиятда фақат тактик режанинг бажарилганини таъкидлаш етарлими?
Эътиборли жиҳати, “Сўғдиёна” футболчиларнинг иккинчи бўлимдаги жисмоний ҳолати яна савол туғдирди. Жамоа ўйин суръати ва босимга қаршилик кўрсатишда қийналди. Бу ҳолат аввалги учрашувларда ҳам кузатилган муаммоларни эслатади. Демак, жиззахликлар учун фақат натижа эмас, жисмоний тайёргарлик ҳам жиддий вазифа бўлиб қолмоқда.

“Қўқон-1912” бош мураббийи Андрей Шипилов эса мағлубият сабабларига тўхталди. Унинг фикрича, иккинчи бўлимда мезбонлар рақибни чуқур ҳимояланишга мажбур қилган. Аммо, яратилган имкониятлардан фойдаланишнинг иложи бўлмаган.
– Биргина хато, қимматга тушди”, – деди Андрей Шипилов. Мураббий футболчиларнинг ҳаракатларини бутунлай қониқарсиз, деб баҳоламади. Унинг таъкидлашича, жамоада гол уриш механизми ишламаган.
Дарҳақиқат, Қўқондаги баҳс натижасини таҳлил қилишда автоголни алоҳида кўрсатиш лозим. “Сўғдиёна” ғалабаси жамоанинг самарали ҳужумидан эмас, стандарт вазиятда рақиб хатосидан кейин таъминланди. “Қўқон-1912” эса иккинчи бўлимдаги устунлигини голга айлантира олмади. Шу боис учрашувдаги натижа майдондаги кучлар нисбатини тўлиқ ифодаламайди.

Ғалабадан кейин “Сўғдиёна” турнир жадвалида 12-ўриндан 10-поғонага кўтарилди. Бироқ бу кўтарилиш жамоанинг муаммолари ҳал бўлганини англатмайди. Аксинча, 16 жамоа орасида 15-ўринда турган клуб учун вазият ҳали ҳам жиддийлигича қолмоқда.
Жиззахликларни чемпионатнинг энг кучли жамоаларидан иккитасига қарши баҳслар кутмоқда. “Сўғдиёна” навбатдаги учрашувда ўз майдонида, медалли ўринлар учун курашаётган “Навбаҳор”ни қабул қилади. Сўнгги турда эса чемпионликка даъвогарлардан бири – “Пахтакор” билан Тошкентда куч синашади. Ушбу кучли рақибларга қарши жисмоний тайёргарлик ва ўйин интизоми ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Қўқондаги ғалаба “Сўғдиёна”га зарур очкони тақдим этди. Аммо, натижа жамоанинг ўйин сифатидаги камчиликларини беркита олмайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА