Транскаспий йўлаги: Ўзбекистон ва Европа ҳамкорлиги кенгаймоқда
Транскаспий транспорт йўлаги Марказий Осиёни Кавказ ва Европа бозорлари билан боғловчи муҳим транспорт-логистика йўналишларидан бири сифатида ўз аҳамиятини тобора ошириб бормоқда. Мазкур йўлак Ўзбекистоннинг ташқи савдо юкларини ташиш йўналишларини диверсификация қилиш, муқобил транспорт маршрутларини ривожлантириш ҳамда Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, Тошкентда бугун ўз ишини бошлаган Транскаспий транспорт йўлаги иккинчи миллий конференцияси доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича директори Петерис Устубс транспорт соҳасидаги томонлар ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқдилар.
Мулоқот давомида Транскаспий транспорт йўлаги бўйлаб муҳим инвестицияларни жалб қилиш ва инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, соҳадаги ислоҳотларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида янада ишончли ва узоқ муддатли савдо алоқаларини ривожлантириш, транспорт-логистика жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда йўлакнинг транзит салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида қайд этилганидек, Транскаспий йўлагини ривожлантириш Ўзбекистоннинг халқаро транспорт тизимидаги иштирокини кенгайтириш билан бир қаторда, мамлакатнинг Европа бозорлари билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги логистика имкониятларини шакллантиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА