Ўзбекистон ва ЕИ Транскаспий транспорт йўлаги самарадорлигини ошириш чораларини белгиламоқда
Транскаспий транспорт йўлаги Ўзбекистоннинг Европа бозорларига чиқишини диверсификация қилишда муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис мазкур йўлак орқали ташувларни самарали ташкил этиш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масалалари долзарб аҳамият касб этади.
Шу йўналишда Тошкентда Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) ҳамкорлигида Транскаспий транспорт йўлагини мувофиқлаштириш платформаси доирасида Ўзбекистон хусусий сектори вакиллари учун “Транскаспий транспорт йўлаги учун устувор ислоҳотлар” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда давлат идоралари, логистика ва экспедиторлик компаниялари, юк жўнатувчилар, бизнес уюшмалари ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда йўлак самарадорлигини оширишга қаратилган устувор ислоҳотлар ва амалий чоралар муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Транскаспий транспорт йўлаги ЕИнинг “Глобал шлюз” ташаббуси доирасидаги стратегик йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, ЕИ транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистик боғлиқликни кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматовнинг маълумотига кўра, 2025 йилда Каспий денгизи орқали Транскаспий йўлаги бўйлаб 1,2 миллион тонна Ўзбекистон юклари ташилган. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан юк айланмасидаги улуши 2021 йилдаги 12 фоиздан 28 фоизга ошган.

Шу билан бирга, тадбирда Каспий денгизининг саёзлашиши, портлардаги навбатлар, ташиш харажатларининг юқорилиги ҳамда чегаралардаги мувофиқлаштирилмаган тартиб-таомиллар каби муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, e-Permit ва e-TIR электрон тизимларини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Тадбир якунида Транскаспий транспорт йўлаги самарадорлигини ошириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича устувор чоралар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА