
3 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида “TUMO” креатив технологиялар маркази билан ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Тадбир давомида ушбу марказнинг фаолияти, мақсад ва вазифалари хусусида батафсил маълумот берилди, Ўзбекистон ёшларининг ахборот технологиялари соҳасидаги салоҳиятини юзага чиқариш стратегияси ҳақида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида Юнусобод туманига ташрифи давомида етакчи халқаро компаниялар талаби ва стандартларига мувофиқ, ахборот технологиялари соҳасида ёшларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берган эди.
Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Юнусобод машинасозлик коллежи базасида ахборот технологиялари бозорида талаб юқори бўлган касбларга ҳар йили 1200 нафардан ортиқ ёшларни ўқитадиган ва кейинчалик уларни ишга жойлаштиришга ихтисослашган “TUMO” креатив технологиялар марказини очиш топширилган эди. Мазкур лойиҳа ушбу ташаббус доирасида амалга оширилмоқда.
[gallery-1380]
“TUMO” маркази креатив технологиялар соҳасида ёшларни амалий фаолиятга тайёрлайдиган инновацион таълим платформаси ҳисобланади. Ихтисослашган курслар, маъруза ва тадбирлар талабаларга ўз билим ва кўникмаларини кундалик ҳаётда қўллаш имкониятини беради. Марказнинг асосий мақсади ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг IT соҳасидаги ижодий салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришдан иборат.
2011 йил Арманистон пойтахти Ереванда асос солинган “TUMO” креатив технологиялар маркази ўтган йиллар мобайнида Париж, Байрут, Москва, Тирана ва Берлин каби пойтахт шаҳарларда ҳам ташкил этилди. Марказда ёшлар бугунги глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган график дизайн, 3D моделлаштириш, дастурлаш, робот техникалари, веб-дастурлаш, кино ишлаб чиқариш сингари 14 та йўналиш бўйича ўқитилади.
Таъкидлаш жоиз, 2016 йил “TUMO” Силикон водийсидаги “AltSchool”, Токиодаги “Kindergarten” ва Нидерландиядаги “Steve Jobs School” мактабларини ортда қолдириб, “We demain” француз журнали томонидан тузилган дунёнинг инновацион мактаблари рейтингида етакчиликни қўлга киритди. 2018 йил марказ Ҳиндистонда бўлиб ўтган Ахборот технологиялари бутунжаҳон конгрессининг “Implementation of the Digital Centory” (Рақамли юз йилликни жорий этиш), 2019 йил эса таълим, ўқитиш ва оммалаштириш соҳасида “Europa Nostra Award” мукофотларига сазовор бўлган.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА