Адвокатлар малакаси оширилди
Пойтахтимизда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг адвокатлар гуруҳи тингловчилари учун "рақамли платформадан фойдаланиш ва касбий масалалар ечими" юзасидан амалий машғулотлар бўлиб ўтди.
Шиддат билан ўзгариб бораётган қонунчилик ва рақамли технологияларнинг жорий этилиши адвокатлардан доимий равишда касбий маҳоратни юксалтириб боришни талаб этмоқда.
Шу боис машғулот давомида Адлия вазирлигининг адвокатура соҳасига масъул бошқармаси ходими томонидан “E-advokat” платформасида ишлаш тартиби, унинг имкониятларидан фойдаланиш ҳамда соҳада учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Бундай машғулотлар тингловчиларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, касбий фаолиятда юзага келадиган масалаларга ечим топиш ва рақамли воситалардан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилди. Бу эса фуқароларга сифатли юридик ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир доирасида тингловчилар Адлия музейи билан ҳам танишди. Музей экспозицияси орқали адлия тизимининг шаклланиши ва ривожланиш тарихига оид маълумотларга эга бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА