Тиниқ туйғулар куйчиси
Навоий давлат университетида таниқли адиб ва публицист Ўткир Раҳматнинг “Сайланма” асарининг IV томи тақдимоти муносабати билан “Тиниқ туйғулар куйчиси” деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирни университет ректори вазифасини бажарувчи, профессор Муҳиддин Калонов очиб, Ўткир Раҳматнинг кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, унинг ўзбек журналистикаси ва адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
Тадбирда сўзга чиққанлар адибнинг асарлари, публицистик мақолаларида жамиятдаги долзарб масалалар, маънавий қадриятлар ва замон руҳи ўз аксини топганлигини алоҳида қайд этди.
Таъкидланганидек, адиб ижодида ҳаётийлик, самимият ва халқ дардини чуқур ҳис этиш каби фазилатлар яққол намоён бўлади.Унинг асарлари холислик, аниқ фикр ва таъсирчан услуб билан ажралиб туради. Айниқса, инсон қалбининг нозик туйғулари, Ватанга муҳаббат ва ҳаёт ҳақиқатларининг маҳорат билан ифодаланиши ҳар бир ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
[gallery-28750]
Ижодий кеча давомида талабалар томонидан адибнинг шеърларидан намуналар ўқилди. Бу чиқишлар тадбирга руҳий завқ бағишлаб, иштирокчиларда адабиётга бўлган қизиқишни янада оширди. Шунингдек, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, ижод ва журналистика борасида муҳим тавсияларга эга бўлди.
Тадбир сўнггида меҳмонга самимий миннатдорлик билдирилиб, бундай учрашувлар ёш авлодни тарбиялашда, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитишда беқиёс аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Ўткир Раҳматга Навоий давлат университетининг “Фахрий профессори” илмий унвони топширилди. Бу эса адибнинг ижоди ва жамиятдаги ўрнига берилган юксак эътироф бўлди.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбири