Қалб ва қаламни уйғунлаштирган ижодкор
Адиб шахсияти ва унинг адабиётдаги ўрни миллат маънавий тараққиётининг муҳим мезонларидан бири. Чинакам ижодкор ўз даврининг руҳини, инсон қалбидаги кечинмаларни ва жамиятдаги ўзгаришларни бадиий талқин орқали ифодалайди.
Шу жиҳатдан таниқли шоир ва ёзувчи Ўктам Мирзаёр ижоди ўзбек адабиётида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг асарларида ҳаёт ҳақиқатлари, инсоний изланишлар ва замон нафаси ўзига хос бадиий ёндашувда акс этган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида шоир таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ижодий учрашув юқори савияда бўлиб ўтди. Тадбир адабиёт ихлосмандлари, ижодкорлар, олимлар ҳамда ёшлар иштирокида ўтказилиб, унда шоирнинг бой ижодий мероси кенг ёритилди.
Учрашув давомида адибнинг муҳим асарлари — икки жилдлик “Адашган қисмат”, “Йигирма ёш эртаклари” китоблари, шунингдек “Отаёр замондошлар хотирасида” тўплами ҳамда “Жамият тараққиётида таҳлилий жанрларнинг ўрни” ўқув қўлланмаси тақдимоти ўтказилди.
[gallery-28691]
Ушбу асарлар орқали шоирнинг ижодий қарашлари, инсон ва жамият ҳақидаги фалсафий мулоҳазалари, шунингдек замонавий муаммоларга муносабати атрофлича таҳлил қилинган.
Тадбирда сўзга чиққан адабиётшунослар шоир ижодининг ўзига хос жиҳатларини алоҳида таъкидлаб, унинг асарларида бадиий тафаккур ва ҳаётий ҳақиқат уйғунлашганини қайд этди.
Айниқса, “Адашган қисмат” ва “Йигирма ёш эртаклари” асарларида инсон тақдири ва ёшлар руҳияти чуқур ёритилгани, “Отаёр замондошлар хотирасида” тўпламида эса давр руҳини акс эттирувчи муҳим кузатишлар мужассам экани эътироф этилди.
Мазкур ижодий учрашув нафақат адиб ижодини эъзозлаш, балки унинг бой меросини ёш авлодга етказиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва адабий муҳитни янада жонлантиришга хизмат қилди.
Иштирокчилар учун бу тадбир ўзига хос маънавий мактаб бўлиб, ижодкор билан боғлиқ янги қараш ва хулосаларни шакллантиришга замин яратди.
Ўктам Мирзаёр таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ушбу ижодий учрашувни ўзбек адабиёти учун муҳим воқеа сифатида қайд этишимиз мумкин.
Бу каби тадбирлар миллий адабиётимизни ривожлантириш, ижодкорлар меросини тарғиб этиш ва жамиятда маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этади.
Дилдора Дўсматова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА