Техникум ўқувчисининг лойиҳаси - Европа мутахассислари эътиборида (+видео)
Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таҳсил олаётган Сайёдбек Муроджонов ўз жамоаси билан қиймати 4 миллиард 371 миллион сўмга баҳоланаётган, космик имкониятларни тадқиқ этишга қаратилган лойиҳани амалга оширди.
Ойга инсон қадами қўйилганига ярим асрдан кўпроқ вақт бўлди. Эндиликда космик тадқиқотларнинг навбатдаги босқичи — Ойга қайтиш, унинг ресурсларини ўрганиш ва келажакдаги миссиялар учун янги технологияларни яратиш билан боғлиқ.2026 йил октябрида NASA инсониятнинг Ойга парвози давомида тўпланган 11 мингдан ортиқ тасвир ва юзлаб гигабайт илмий маълумотларни эълон қилди. Бу маълумотлар Ой юзасини чуқурроқ ўрганиш ва келажакдаги космик миссияларни режалаштиришга хизмат қилади. Коинотни ўрганиш учун бугун нафақат ракеталар, балки дастурлаш, муҳандислик ва янги технологик ечимлар ҳам зарур.Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таҳсил олаётган Сайёдбек Муроджонов ҳам ана шу йўналишда изланаётган ёшлардан бири. Боғдод тумани 2-сон техникуми ўқувчиси, “Green Lion” лойиҳаси асосчиси. У ўз жамоаси билан қиймати 4 миллиард 371 миллион сўмга баҳоланаётган, космик имкониятларни тадқиқ этишга қаратилган лойиҳани амалга оширди. Мазкур лойиҳа Европа давлатларида ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
Сайёдбекнинг мисоли касбий таълимнинг замонавий мазмунини ҳам очиб беради. Техникум — фақат диплом олинадиган жой эмас. Бу ерда эгалланган билимни амалиётга татбиқ этиш, касбий кўникмаларни ривожлантириш ва келажакдаги фаолият учун зарур тажриба тўплаш муҳим. Тизимда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 97 та янги замонавий касб ҳам жорий этилган.
Ёшлар учун имкониятлар ҳақида гап кетганда, энг муҳими — бу имкониятларнинг ортида турган аниқ мақсадлар ва режалар борлигини айтиш лозим. Масалан, “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегиясида ҳар йили 600 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, 2030 йилгача 450 минг нафар ёшнинг хорижий тилларни камида B2 даражасида билишига эришиш кўзда тутилган. Яна бир эътиборли жиҳат, 2030 йилгача 20 минг нафар ёшни тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган. Демак, бугун ёшлар учун нафақат касб эгаллаш, балки ўз бизнесини бошлаш, янги ғоя устида ишлаш ва уни ҳаётга татбиқ этиш йўллари ҳам кенгаймоқда. Бугун касбий таълимда назарий билим билан бирга амалий тажриба, иш берувчилар билан ҳамкорлик ва халқаро таълим дастурларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Бироқ имкониятнинг ўзи етарли эмас — ундан фойдаланиш учун ташаббус, изланиш ва мустақил фикрлаш зарур.
Марсда рекорд ўрнатаётган роботлар ортида ҳам инсон тафаккури, дастурлаш ва муҳандислик билимлари турибди. Боғдодда эса ана шу замонавий билимлар билан ўз йўлини топишга интилаётган ёшлар бор. Сайёдбек Муроджонов учун бу ҳали якун эмас. “Green Lion” лойиҳаси ва унинг олдидаги режалар ёшларнинг касбий таълимда олган билимларини изланиш, ташаббус ва катта мақсадлар билан бирлаштириши мумкинлигини кўрсатади.
М.Турдалиева,О.Давронов,
А.Аҳмедов (ЎзА)