Тиббиёт кластери: онкология марказини барпо этиш лойиҳасининг навбатдаги босқичлари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Корея Эксимбанки билан ҳамкорликда барпо этилаётган кенг кўламли тиббиёт кластери яна бир муҳим йирик объект билан бойийдиган бўлди. Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адиловнинг Кореянинг «AUM & LEE Architects & Associates» компанияси вице-президенти Ли Вон Сеок билан учрашувида бу борада келишувга эришилди.
Аниқроқ айтганда, мулоқот чоғида томонлар янги 265 ўринли онкология марказини барпо этиш лойиҳасининг навбатдаги босқичларини атрофлича муҳокама қилиб, якунда консультантлик хизматларини кўрсатиш бўйича тегишли шартномага қўл қўйди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур мажмуа Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган замонавий тиббиёт кластерининг энг асосий ва муҳим объектларидан бири саналади.
Вазир ўз навбатида, бу каби ҳамкорлик алоқалари ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлишига ишонч билдириб, Марказни юқори сифатда барпо этиш жуда муҳимлигини таъкидлади, Корея томонининг бой тажрибаси ва юқори иш сифатига ишонч билдирди.
Маълумот ўрнида келтирилишича, «AUM & LEE» консорциуми лойиҳалаш, қурилиш жараёнларини бошқариш ва қатъий назорат қилиш, замонавий тиббий ускуналарни танлаш, шунингдек, марказнинг тиббий хизматлари ҳамда ахборот тизимини режалаштириш каби қатор йўналишларда яқиндан консультантлик қилади.
Қолаверса, лойиҳа доирасида марказ ходимлари учун тиббий хизмат кўрсатиш сифати, радиология, ядро тиббиёти ва нур терапияси соҳаларида махсус уч босқичли амалий ўқувлар ўтказилиши ҳам назарда тутилган.
М.Қосимова,
ЎзА